Жумладан, Президентимизнинг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2023 йил 27 июлдаги Фармонига кўра ишлаб чиқилган “Маданият ва санъат соҳасида ахборот технологияларини ривожлантириш ва бошқарувни рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган “ERP madaniyat” ягона бошқарув тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш бўйича 2024-2027 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури” бу борадаги салмоқли ишлар бири бўлди.

– Ҳужжатга мувофиқ “ERP madaniyat” ахборот тизимини ишлаб чиқиш натижасида вазирлик тизимидаги 1400 дан ортиқ ташкилотлар фаолиятида бошқарув жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади, 34 минг нафардан ортиқ соҳа ходимлари ҳамда маданият ва санъат соҳасида фаолият олиб бораётган эркин ижодкорларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилади, – дейди Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов. – Уларнинг миллий маданиятимизни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистон имижини халқаро майдонда янада ошириш борасида амалга ошираётган ижодий фаолияти бўйича миллий рейтинги юритилади.

“ERP madaniyat” ахборот тизими доирасида бошқарув жараёнларини рақамлаштириш учун 10 та, таълим 5 та, ижодий фаолият билан боғлиқ жараёнлар 6 та, рақамлаштириш орқали аҳолига қулай, ишончли ва сифатли маданий хизмат кўрсатиш учун 5 та, жами 26 та ахборот тизимлари ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида 12 та янги электрон давлат хизматлари жорий қилиниши режалаштирилган. Тизимни 2025 йил май ойидан бошлаб 2026 йил якунига қадар босқичма-босқич жорий этиш мақсад қилинган. Жумладан, 2025 йил якунига қадар 9 та, келгуси йилда эса 17 та қуйи ахборот тизими ишга тушади.

Мазкур янгиликдан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ва лойиҳа билан таништириш мақсадида ташкил этилган матбуот анжуманида вазирлик мутасаддилари аҳолига қулайлик яратиш мақсадида яна бир хайрли ишга қўл урилгани ҳақида маълумот бердилар. Унга кўра, қуйи ахборот тизимларидан фойдаланиш учун, уларнинг модул ва функцияларидан келиб чиқиб 5 та мобил илова ишлаб чиқиш ишлари ҳам яқин истиқболда ўз натижасини беради. Булар – имконияти чекланган шахслар учун “Audiobooks” платформасининг мобил иловаси, аҳоли учун фойдали ва қизиқарли маълумотлар тақдим этувчи илова, электрон кундалик мобил иловаси, “Миллий медиа платформа”сининг мобил иловаси ва Маданият вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари учун функционал иловадан иборат.

Эътиборга молик томони, мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур тизимни жорий этиш орқали маданият ва санъат соҳасига ажратилаётган давлат бюджети маблағларининг 20 фоизигача миқдорда иқтисод қилиш режалаштирилмоқда. Маданият вазирлиги ва тизим ташкилотлари фаолиятини ўрганишлар давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан йилига ўртача 19 миллиард сўмга яқин маблағ нотўғри сарфланганини кўрсатади. Энди бошқарув жараёнининг рақамлаштирилиши натижасида 14,8 миллиард, таълимда 1,2 миллиард ва ижодий фаолият билан боғлиқ 3 миллиард сўм маблағ тежалиши кутилмоқда.


Азиза ШАРОФИДДИНОВА,

ЎзЖОКУ талабаси