Халқаро турнирни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Бош прокуратура, Ўзбекистон кураш федерацияси, спортчилар, санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат делегация бугун эрталаб Болгарияга етиб борди.

Қайд этиш лозимки, кураш бўйича халқаро турнирда дунёнинг 20 га яқин давлатидан сараланган курашчилар иштирок этиши режалаштирилган. Мусобақада эркаклар учун вазн тоифалари -73, -90 ҳамда +90 кг этиб белгиланган бўлса, аёллар -63 ҳамда +63 кг вазнда ғолиблик учун гиламга чиқади.

Мусобақада Ўзбекистон шарафини эркаклар ўртасида +90 кг вазнда номдор полвонимиз, қитъа ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов, қизлар ўртасида эса -63 кг вазн тоифасида кўп карра мамлакат чемпиони Маликахон Қаҳҳорова ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирда кураш билан бир қаторда юртимизнинг туризм салоҳияти, ўзбек миллий ҳунармандчилиги намуналари, санъатимиз дурдоналари ҳам намойиш этилади.