Кеча сўнгги икки учрашув ўтказилди. Римда йирик 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби “Бавария” “Лацио”ни Мюнхенда ҳам мағлуб этди – 2:1. Левандовски ва Шупо-Мотингнинг голларига Пароло битта тўп билан жавоб қайтарди.
Лондоннинг “Челси” клуби биринчи ўйинда Мадридда “Атлетико”ни 1:0 ҳисобида ютган эди. Лондонда ўтган жавоб учрашувида ҳам англияликларнинг қўли балан келди – 2:0. Ўйиннинг биринчи бўлимда Зиёш ҳисобни очган бўлса, ўйин сўнгида Эмерсон иккинчи голга муаллифлик қилди.
“Челси” бош мураббийи Томас Тухель баҳсдан сўнг ВВС Sport’га берган интервьюсида қуйидагиларни айтди:
“Жуда яхши ўйин бўлди. Ҳамма қойилмақом ҳаракат қилди, ҳатто трибунадаги йигитлар ҳам. Ҳақиқатан ҳам, кейинги босқичга чиқишни истаётганимизни сездик.
Биринчи бўлимда рақиб юқори босим ўтказишга уринди, аммо ярим ҳимояда биз фойдалана оладиган бўш ҳудудлар бор эди. Иккинчи бўлимда қийин дақиқалар бўлди, лекин биз ғалаба учун ҳамма нарсага тайёр эдик...
Чорак финал. Демак, финалгача 4та ўйин қолди. Бу – катта қадам. Ҳиссиётлар ёқимли”.
Эртага ЕЧЛ чорак финалига қуръа ташланади.