Халқаро мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатларини тизимли ўтказиш миллий спортимиз – курашни халқаро майдонда янада оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишларнинг энг муҳим тамойили ҳисобланади.
Кеча Таиланднинг Чонбури шаҳрида кураш бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг расмий кунлари бошланди. Ўғил болалар ва қизлар ўртасида 16 та вазн тоифасида бўлиб ўтиши режалаштирилган баҳсларда иштирок этиш учун қитъамизнинг энг кучли курашчилари Таиландга етиб келди.
Чемпионат дастурига асосан бугун, 5 сентябр куни ҳакамлар учун семинар, ИКАнинг ҳакамлик 1-2 юлдуз даражаси учун имтиҳонлар ва қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.
Эртага, 6 сентябрдан эса асосий баҳсларга старт берилади. Шу куни дунё кураш куни муносабати билан маданий тадбирлар ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган. Чемпионатнинг ёпилиш маросими 7 сентябр куни ўтказилади.
Маълумот учун, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига жами 16 та давлат вакиллари иштирок этиш учун ариза топширган, шундан 12 та давлат вакиллари Таиландга етиб келган.