Тошкент Фотосуратлар уйида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Баркамол авлод болалар мактаби тўгаракларида 6 ёшдан 18 ёшгача таълим олаётган болаларнинг ижод наъмуналаридан ташкил топган кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада “Маданият ва санъат” ҳамда “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” йўналишлари бўйича тўгарак ўқувчиларининг ижодий ишларидан наъмуналар намойиш этилди.

Баркамол авлод болалар мактаби “Маданият ва санъат”, “Экология ва туризм”, “Техника, конструкторлик ва моделлаштириш”, “Жисмоний тарбия ва спорт”, “Хорижий тиллар”, “Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов”, “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” каби йўналишларда фаолият юритади. Шунингдек, мазкур тўгараклар тумандаги 89-, 135-,100-, 48-, 160-а, 319-, 26-мактабларда ҳам фаолият олиб боради. Тўгаракларда қатнашаётганларнинг бадал тўлови ойлик иш ҳақининг 10% ташкил этади. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун бепул таълим берилади.

Кўргазмада 200га яқин ишлар намойиш этилди. Кўргазмада шу йўналиш бўйича қатнашган ўқувчиларга мактаб томонидан сертификат ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Кўргазманинг очилишида мактабнинг “Вокал” ва “Замонавий рақс” тўгараклари ўз дастурларини намойиш этишди.

Бизнинг ўқувчилар нафақат туман, шаҳар, республика балким халқаро танловларда ҳам иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашмоқда. Бундан албатта руҳланиб, ички бир куч оламиз, — дейди мактаб директори Дилдора Яхяева.

Кўргазма барча ташриф буюрганларга кўтаринки руҳ бағишлади.

Ҳасан Абдуназаров