Мактабгача таълим ташкилотларида ўйинга асосланган таълим жорий этилиши орқали интеллектуал ривожланишга қаратилган муҳит яратилаётгани болаларнинг ақлий, эмоционал ва ижтимоий қобилияти шаклланишида катта аҳамиятга эга. Бу орқали бола билимни мажбурий равишда эмас, балки қизиқиш ва тажриба асосида ўзлаштиради.

Фан ва математика йўналишида махсус ўйин зоналари ташкил этилмоқда. Болалар учун мозаикалар, конструкторлар, мантиқий ўйинлар, робототехника ва илк алгоритмлаш элементлари жорий қилиняпти. Интерактив доска ва рақамли таълим воситалари орқали ўтказиладиган машғулотлар болаларда маълумот излаш, саралаш, тўғри фойдаланиш каби ахборот маданиятини шакллантиради. Мустақил қарор қабул қилиш, вазифаларни бажариш,  ўз хатоларини таҳлил қилишни ўргатади.

— Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари негизидаги Болаларни ривожлантириш инновацион маркази базасида худди шундай замонавий ўйин зоналари амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Мактабгача таълим тизими фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти бош мутахассиси Сирожиддин Раҳмонбердиев. — Фан ва математика йўналишида махсус тематик ўйингоҳлар ташкил қилиниб, болалар учун мозаикалар, конструкторлар, мантиқий ўйинлар, робототехника тўпламлари ҳамда илк алгоритмлаш элементлари жорий этилади. Шунингдек, интерактив доска ва рақамли таълим воситалари орқали машғулотлар ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

Бу мактабгача таълим тизимини янги сифат босқичига олиб чиқиш, ўйинга асосланган таълим орқали болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш мақсадини кўзда тутади. 

Ўйин зоналари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда соҳавий олийгоҳлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Педагоглар учун махсус методик қўлланмалар ишлаб чиқилиб, “Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати” тадбирлари доирасида ўйинга асосланган фан ҳамда математика машғулотларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Мутахассислар фикрича, бу каби махсус ўйин зоналари фақат билим бериш воситаси эмас, балки болада фанга қизиқишни эрта шакллантирадиган муҳит яратади. Янгича ёндашувлар уларда мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш, муаммога ечим топиш кўникмалари, тафаккур, диққат, хотира ривожланишига кўмак беради.

Болаларни миллий ғурур ва ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга ҳар доим устувор вазифа сифатида эътибор қаратилади. Шу мақсадда мактабгача таълим ташкилотларида давлат рамзларига ҳурмат, миллий қадриятлар, ота-онага эҳтиром, катталарни ҳурмат қилиш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини сингдиришга қаратилган машғулотлар ўтказилмоқда.

“Менинг ватаним — Ўзбекистон” мавзусида суҳбатлар, миллий байрамларга бағишланган саҳна кўринишлари, “Турон кичкинтойлари” театр жамоалари орқали халқ эртаклари асосида ташкил этилаётган тарбиявий машғулотлар, саҳна кўринишлари болалар онгида миллий қадриятларни мустаҳкамламоқда.

Фармонда болаларни тарбиялаш, ривожлантириш ва уларга таълим беришни ижобий муносабатлар орқали амалга ошириш ­мақсадида ўйинга асосланган таълимни жорий этиш вазифаси ҳам келтирилган. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда МТТларда ижод ва санъат йўналишида тематик ўйингоҳлар ташкил этилмоқда. Болалар ўз қўллари билан қўғирчоқлар ясаш, турли саҳна кўринишларида роллар ижро этиш, мусиқа асбоблари билан танишиш орқали ижодий салоҳиятини намоён қилади. Расм чизиш, мусиқа, қўшиқ айтиш, рақс ва саҳналаштириш машғулотлари кенг йўлга қўйилади. Бу жараён болаларда тасаввур ва ижодий фикрлашни ривожлантиради.

Ҳужжатда болаларнинг ёши ва ривожланиш босқичларига мос равишда ижод ва санъат, фан ва математика, тил ва тасаввур, робототехника ва илк алгоритмлаш билан бир қаторда жисмоний фаоллик йўналишида ҳам тематик ўйингоҳлар очиш кўзда тутилган. Шу асосда мактабгача таълим ташкилотларида спорт майдончалари, ҳаракатли ўйинлар учун очиқ ва ёпиқ заллар ташкил этилмоқда. Эрталабки бадантарбия, очиқ ҳавода соғломлаштирувчи машғулотлар болаларнинг жисмоний ривожланишига хизмат қилиши, бақувват, чиниққан ва соғлом бўлиб ўсишига замин яратади.

— Тошкент шаҳридаги 122-давлат мактабгача таълим ташкилотида махсус жиҳозланган спорт зали, резина қопламали очиқ майдонча, болалар учун хавфсиз машқ ва ҳаракатли ўйинлар майдони бор, — дейди Сирожиддин Раҳмонбердиев. — Бу ерда ҳар куни эрталабки бадантарбия, ҳафталик спорт соатлари ва очиқ ҳавода соғломлаштирувчи машғулотлар ўтказилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 204-давлат мактабгача таълим ташкилотида “Соғлом бола — соғлом келажак” шиори остида жисмоний тарбия дастури амалга оширилмоқда. Боғчада болалар учун мини футбол, гимнастика, эстафета ўйинлари, ҳаракатли машқлар ўтказилиши йўлга қўйилган. Машғулотлар болаларнинг мушак, нафас олиш тизими ва умумий ҳаракат фаоллигини оширади. Интизом, жамоада ҳаракат қилиш, ўз соғлиғига масъулият билан қараш кўникмаларини шакллантиради. Болалар ҳаракат орқали ўз энергиясини тўғри сарфлайди, иммунитети мустаҳкамланади ва мактаб таълимига жисмонан тайёр ҳолда кириб боради.

Ушбу мактабгача таълим ташкилотлари тажрибаси бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилмоқда. Янги спорт майдончалари барпо этилиб, тарбиячилар учун жисмоний тарбия бўйича махсус методик тавсиялар ишлаб чиқиляпти.

Фармонда симуляцион вазиятлар орқали болаларда касбларга қизиқиш уйғотиш, экологик маданиятни шакллантириш каби йўналишлар бўйича таълим-тарбия жараёнини амалга ошириш вазифаси келтирилган.

— Болаларни симуляцион ўйинлар орқали касблар билан таништириш, экологик тарбия, ижтимоий муносабатларни ўргатишга қаратилган машғулотлар йўлга қўйиляпти, — дейди Сирожиддин Раҳмонбердиев. — “Шифокор”, “Ошхона”, “Қурувчи” каби ролли ўйинлар, табиатни асраш мавзусидаги амалий ишлар, жамоавий ўйинлар болаларни ҳамкорликка ва масъулиятга ўргатади. Бу ­йўналишда жорий этилаётган ёндашувлар илғор хорижий тажрибалар, хусусан, Жанубий Корея ва Хитой мактабгача таълим тизимидаги инновацион моделлар асосида такомиллаштириляпти.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Жанубий Корея тажрибасида “ҳаётий кўникмалар орқали таълим” тамойили устувор ҳисобланади. У ерда боғчаларда “mini city” — яъни кичик шаҳарча шаклидаги ўйин муҳитлари яратилган бўлиб, болалар шифохона, дўкон, ошхона, қурилиш майдони, полиция бўлими каби симуляцион ҳудудларда ўйин орқали жамият ҳаётини ўрганади. Ушбу усул болаларда касбларга қизиқиш, жамоат жойида ўзини тутиш маданияти ва ижтимоий масъулият ҳиссини шакллантиради. Ўзбекистонда ҳам айрим мактабгача таълим ташкилотларида шу модель асосида “Касблар шаҳарчаси” услубида тематик ўйин зоналари ташкил этиляпти.

Хитой тажрибасида эса экологик тарбия ва жамоавий ўйинлар алоҳида аҳамият касб этади. Боғчаларда болалар табиатни муҳофаза қилишга қаратилган амалий машғулотларда иштирок этади. Гул экиш, чиқиндиларни саралаш, сувни тежаш, дарахтларга ғамхўрлик қилиш каби фаолиятлар симуляцион ўйинлар билан уйғунлаштирилади. Масалан, “Экология қўриқчиси” ўйини орқали болалар ўзини табиат ҳимоячиси сифатида ҳис қилади. Бу тажриба асосида мамлакатимиз боғчаларида “Табиатни асраймиз” мавзусида сюжетли-ролли машғулотлар йўлга қўйилмоқда.

— Республика бўйича 6917 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг 30 минг 882 та гуруҳида тарбияланувчиларнинг қўл меҳнати буюмлари, чизмалари ва табиий материаллардан тайёрланган ижодий ишлари асосида “Экологик бурчаклар” ҳамда 6588 та давлат мактабгача таълим ташкилотида “Экологик йўлакчалар” ташкил этилган, — дейди С. Раҳмонбердиев. — Ушбу йўлакчаларда ўйин орқали болаларнинг атроф-муҳит билан бевосита мулоқотда бўлиш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини кузатиш орқали экологик тафаккурини ривожлантириш имконияти яратилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб “Экологик бурчаклар” ва “Экологик йўлакчалар”даги ўйин орқали машғулотлар, кузатув ишлари ва сайрлар давомида тарбияланувчиларга Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимлик ва ҳайвонлар ҳақида дастлабки тушунчалар бериш тизимли йўлга қўйилди.

“Тасвирий фаолият” машғулотлари жараёнида болалар томонидан муҳофаза қилинадиган ўсимлик ва ҳайвонларнинг расмларини чизиш амалиёти жорий этилиб, бу орқали уларни табиатни севиш, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва экологик маданиятни эрта ёшдан эгаллашга йўналтириш асосий мақсад сифатида белгиланган.

Ушбу ёндашувнинг яна бир ўзига хос жиҳати, ижтимоий муносабатларни ўйин орқали ўргатишдир. Жамоавий ўйинларда болалар навбат кутиш, бир-бирига ёрдам бериш, келишувга эришиш, баҳсни тинч йўл билан ҳал қилишни амалда ўрганади. Бу эса уларнинг эмоционал интеллект ва мулоқот маданиятини шакллантиради.

Симуляцион ва ролли ўйинлар орқали таълим бериш усули Жанубий Корея ва Хитой тажрибасига таянган ҳолда маҳаллий шароитга мослаштирилмоқда. Бу ёндашув болани фақат билимли эмас, балки ҳаётга тайёр, жамоада ишлай оладиган, касбларга қизиқувчан ва табиатга масъулият билан қарайдиган шахс сифатида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари бола келажагини белгилаб, салоҳиятини очиб берувчи замонавий тарбия ва ривожланиш марказларига айланмоқда. Бу эса юртимиз келажаги бўлган ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш йўлида муҳим қадамдир. Давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган фармони ушбу хайрли ишларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятли.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири