Биз, катта авлод вакиллари фарзанд тарбияси ҳақида гап кетганда, кўпинча болалигимизни эслаймиз. Ота-онамиз бир иш буюрса, уни бажаришга ҳаракат қилардик. Ҳовли супуриш, кўчага сув сепиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, ҳашарда қатнашиш одатий ишлар эди. Бунинг учун алоҳида дарс ўтилмасди. Ҳаётнинг ўзи бизга сабоқ берарди.

Бугун замон ўзгарди. Болаларимиз дунё­даги энг янги билимларни эгаллаяпти, ахборот технологияларидан фойдаланяпти, хорижий тилларни ўрганяпти. Бундан, албатта, қувонамиз. Лекин бир аксиома бор: фарзандимиз қанчалик билимли бўлмасин, агар меҳнатнинг қадрини билмаса, катта-кичикка ҳурмат кўрсатмаса, ишига масъулият билан ёндашмаса, унинг билими жамиятга наф келтирмайди.

Шу масала ҳар бир ота-онани, ҳар бир устозни, айниқса, биз — нуронийларни ўйлантириши керак.

Яқинда “Япон тарбияси сирлари” китобини мутолаа қилар эканман, Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тараққиёти ҳақида яна бир бор ўйга толдим.

Урушдан кейин бу мамлакатнинг кўп­лаб шаҳарлари вайрон бўлган, иқтисодиёти оғир аҳволга тушган эди. Аммо япон халқи катта машаққатлар эвазига юртини қайта тиклади, саноат ва технологияда улкан натижаларга эришди.

Албатта, Япония тараққиётини фақат тарбия ёки интизом билан изоҳлаб бўлмайди. Бунда оқилона иқтисодий сиёсат, илм-фан, технология, бошқарув ва хал­қаро ҳамкорликнинг ҳам ўрни катта.

Лекин бир ҳақиқатни инкор этиб бўлмайди: ҳар қандай тараққиётнинг марказида инсон туради.

Ишга ўз вақтида келиш, зиммасига олган вазифани пухта бажариш, жамоа манфаатини ўйлаш, бошқалар меҳнатини ҳурмат қилиш, умумий мулкка эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш — буларнинг барчаси жамият ривожига хизмат қилади.

Бундай фазилатлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Улар болаликдан, оила ва мактабда, кундалик ҳаётда шаклланади.

Япония тажрибасининг мен учун энг эътиборли томони ҳам шунда.

Япон мактабларида болага тартиб-интизом ҳақида фақат гапириб берилмайди. У тартибли яшашга ўргатилади. Меҳнатнинг аҳамияти тушунтирилиш билан бирга, боланинг ўзи ҳам ёшига мос меҳнат жараёнига жалб этилади. Жамоавийлик ҳақида маъруза қилиш билан чекланилмайди, ўқувчилар биргаликда ишлаш, бир-бирини тинглаш ва келишиб қарор қабул қилишга одатлантирилади.

Бу ерда тарбия сўздан амалга кўчади.

Япония тажрибасини ўрганиш ўзбек тарбиясидан воз кечиш дегани эмас. Аксинча, биз асрлар давомида шаклланган миллий қадриятларимизни янада ­мустаҳкамлашнинг самарали усулларини излашимиз керак.

Ахир меҳнатсеварлик бизга бегона эмас-ку!

Каттага ҳурмат, кичикка иззат, қўни-қўшнига ёрдам бериш, ҳашар қилиш, дастурхон одоби, устозга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий фазилатлари. Боболаримиз “Меҳнатнинг таги — роҳат”, “Одоб — олтиндан қиммат”, деб бежиз айт­маган.

Фарқ шундаки, биз баъзан шу қадриятларни фарзандларимизга насиҳат орқали етказишга кўпроқ ҳаракат қиламиз. Япон тажрибаси эса уларни ҳар куни такрорланадиган амалий машғулотга айлантириш йўлларини кўрсатади.

Масалан, болага “Озода бўл”, дейиш мумкин. Лекин унга ўз ўқув жойини тартибга келтиришни ўргатиш янада таъсирлироқ.

“Бир-бирингизга ёрдам беринг”, де­йиш мумкин. Аммо ўқувчиларга биргаликда бажариладиган вазифа топширилса, улар ҳамкорликнинг қадрини табиий ҳис қилади.

“Масъулиятли бўл”, деб насиҳат қилиш мумкин. Бироқ болага муайян вазифани ишониб топшириб, унинг натижасига ўзи жавобгар бўлишини ўргатиш бутунлай бошқа самара беради.

Демак, биз учун энг тўғри йўл хориж тажрибасини кўчириш эмас, уни миллий ҳаётимизга мослаштиришдир.

Шундай ёндашувлар бугун Наманган вилоятидаги таълим муассасаларида амалиётга татбиқ этилмоқда. Вилоятда Япониянинг илғор таълим-тарбия усулларини ўрганиш ва миллий шароитимизга мослаштириш мақсадида 17 та умумтаълим мактаби ҳамда 18 та мактабгача таълим ташкилоти — жами 35 та муассаса тажриба-синов майдони сифатида танланган. Уларда 4,5 мингдан ортиқ бола қамраб олинган.

2025/2026 ўқув йилида тажриба-синов мактабларининг бошланғич синфларида 85 та синфдаги 2594 ўқувчи билан тегиш­ли ишлар олиб борилган.

Бу рақамларнинг ортида катта мақсад турибди. Гап фақат янги дарс усулини синаб кўриш ҳақида эмас. Асосий ният — болаларнинг кундалик хулқ-атворида ижобий одатларни шакллантириш.

Мазкур ишларга япониялик мутахассис Гото Микако ҳам жалб этилган. У таълим муассасаларидаги амалий машғулотларни кузатиш, педагогларга тавсиялар бериш ва тажриба алмашиш жараёнларида иштирок этмоқда.

Ушбу ташаббус доирасида вилоятимиздан 24  педагог Японияда тажриба алмашиб, у ердаги таълим-тарбия жараёнлари билан бевосита танишди. Улар орттирган билим ва кўникмаларини маҳаллий устозлар билан ўртоқлашмоқда.

Яқинда Норин туманидаги 41-умум­таълим мактабида бўлиб, Япония таж­рибаси жорий этилган синфга кирдим. ­Болаларнинг тартиб-интизоми, одоб-ахлоқи, ўзини тутиши ва бир-бирига ҳурматини кўриб, жуда қувондим.

Ёш болаларда шундай яхши фазилатлар шаклланаётганини кўриш биз, катталар учун фахр-ифтихор, катта бахт. Ўша ерда бир нарсани янада чуқурроқ ҳис қилдим: тарбиянинг натижаси баландпарвоз гапларда эмас, боланинг кундалик юриш-туриши, муомаласи ва одобида кўринади. Мактабдан яхши кайфият, эртанги авлодимизга янада катта ишонч билан қайтдим.

Вилоятда япон тажрибасини миллий таълим муҳитига мослаштиришга қаратилган методик қўлланма ҳам ­тайёрланган. Бу ишлар тажрибани фақат айрим мактаблар доирасида қолдирмасдан, илғор жиҳатларини босқичма-босқич оммалаштириш учун муҳим асос бўлади. Чунки яхши ғоянинг ўзи етарли эмас. Уни бола қалбига етказадиган, ҳаётга татбиқ этадиган инсон — устоз. Устоз янги ёндашувнинг мазмунини чуқур англамаса, энг яхши дастур ҳам қоғозда қолиб кетиши мумкин.

Япония таълим тизимида “Токкацу” деб аталадиган ўзига хос тарбиявий ёндашув мавжуд. У мактаб ҳаётидаги жамоавий фаолиятлар орқали болаларда мустақиллик, масъулият, ҳамкорлик ва ўзини бошқариш кўникмаларини ривож­лантиришга қаратилган. Бунинг мазмунини оддий бир мисол билан тушунтириш мумкин.

Айтайлик, синфда ўқувчиларга умумий вазифа берилди. Кимдир китобларни тартибга келтиради, бошқаси ўқув жиҳозларини жойлаштиради, яна бири синфдош­ларига ёрдам беради.

Бунда мақсад болаларни шунчаки ишлатиш эмас. Мақсад — ҳар бир болага жамоанинг бир аъзоси эканини, умумий ишда унинг ҳам ҳиссаси борлигини англатиш.

Ёки синфда бирор масала юзасидан ўқувчиларнинг фикри сўралди дейлик. Бири ўз таклифини айтади, иккинчиси уни тинглайди, учинчиси бошқача фикр билдиради. Охирида улар ўзаро келишиб қарор қабул қилади.

Мана шу оддий жараёнда бола сабрни, ўзгаларни ҳурмат қилишни, фикрини асос­лашни ва келишувга эришишни ўрганади. Бу фазилатлар эртага унинг оиладаги, меҳнат жамоасидаги ва жамиятдаги муносабатларида ҳам асқатади.

Намангандаги тажриба-синов ишларида ҳам синф навбатчилиги, умумий жиҳозларни асраш, озодаликни сақлаш, вазифаларни тақсимлаш, жамоада ишлаш ва бажарилган ишлардан хулоса чиқариш каби амалий усулларга эътибор қаратилмоқда. Менимча, бу ишларнинг қадри ҳам айнан шунда: бола тарбия ҳақида эшитибгина қолмай, уни ҳар куни ўз ҳаётида ҳис этади.

Наманганда бошланган ишлар фақат дастлабки 35 та таълим муассасаси билан чекланиб қолаётгани йўқ. 2026/2027 ўқув йилида япон тажрибасига асосланган тарбиявий ёндашувларни 325 та умумтаълим мактабида қўллаш, жами 40 минг 984  ўқувчини қамраб олиш режалаштирилган.

Бу, албатта, катта кўлам.

Лекин мен бир нарсани алоҳида таъкидлаган бўлардим: тарбия соҳасида фақат рақамнинг ўзи билан қаноатланиб бўлмайди.

Биз учун энг муҳими қуйидаги яна бир неча саволга жавоб топиш.

Бола аввалгига нисбатан масъулиятлироқ бўлдими? Ўз ишини мустақил бажаришга ўргандими? Синфдошига ёрдам беряптими? Умумий мулкни асраяптими? Хатосини тан олиб, уни тузатишга ҳаракат қиляптими? Мана шу саволларга жавоб топсак, ишнинг ҳақиқий самарасини кўра оламиз.

Шу сабабли тажриба-синов муассасаларида амалий машғулотларни кузатиш, педагогларга методик ёрдам бериш ва ўқувчиларнинг кундалик фаолиятидаги ўзгариш­ларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Бир мактабда ўқувчиларнинг мус­тақиллиги ошса, бошқасида ­жамоавийлик ­мустаҳкамланса, яна бирида болаларнинг меҳнатга муносабати ўзгарса, буларнинг ҳар бири эътиборга лойиқ натижадир. Муҳими, тарбия болага босим ўтказиш воситаси бўлмасин, унинг яхши фазилатларини юзага чиқаришга хизмат қилсин.

Бугунги тарбия масаласида гапирар эканмиз, нуронийларнинг ўрни ҳақида алоҳида тўхталишни истайман.

Нуроний — фақат ёши улуғ инсон эмас. У ҳаёт тажрибасига эга, кўпни кўрган, яхшилик билан ёмонликнинг фарқини англаган, ўз сўзи ва шахсий намунаси билан ёшларга таъсир кўрсата оладиган инсон. Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” деган гап бежиз айтилмаган.

Ҳар бир маҳаллада катта ҳаётий таж­рибага эга устозлар, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, ҳунармандлар, ўз касбининг моҳир усталари яшайди. Нега уларнинг тажрибасидан фарзандларимиз тарбиясида кенгроқ фойдаланмаслигимиз керак?

Бир нуроний мактабга бориб, болаларга меҳнатнинг қадри ҳақида суҳбат қилиб берса, яна бири ўз касби ва ҳаёт йўли ҳақида гапирса, бошқаси ёшларга ҳунар ўргатса, ишончим комилки, бунинг таъсири катта бўлади. Айниқса, нуронийлар ва ўқувчиларнинг биргаликда кўчат экиши, маҳалла ободончилигида иштирок этиши, кексалар ҳолидан хабар олиши, китоб мутолааси ва миллий анъаналар ҳақида суҳбатлар ўтказиши тарбиянинг жонли мактабига айланиши мумкин.

Бундай ишларда бола фақат тингловчи бўлиб қолмайди. У катталар билан елкама-елка туриб, яхшилик қилишнинг завқини ҳис этади. Шу маънода, Япония тажрибаси билан ўзбек халқининг маҳалла ва устоз-шогирд анъаналарини уйғунлаштириш учун катта имкониятлар бор. 

Ҳар бир маҳалладаги ҳаёт тажрибасига бой кексаларимиз ўз ҳудудидаги мактаблар билан яқин ҳамкорлик ўрнатса, ўқувчилар билан мунтазам учрашиб, уларга меҳнат, одоб, ҳалоллик ва инсонийлик ҳақида ҳаётий мисоллар асосида сабоқ берса, қандай яхши бўларди. Бунда қуруқ насиҳатдан кўра, болалар билан биргаликда қилинган битта хайрли иш кўпроқ самара бериши мумкин. Зеро, тарбияда энг кучли таъсир шахсий намунадир.

Яна бир ҳақиқат бор: мактабда бош­ланган яхши одат оилада давом этмаса, уни мустаҳкамлаш қийин. Ўқувчи мактабда ўз буюмларини тартибга солишга ўрганиб, уйда барча ишни онаси бажаришини кутиб ўтирса, тарбияда узилиш пайдо бўлади.

Мактабда катталарга ҳурмат ҳақида гапириб, уйда боланинг олдида бир-биримизга қўпол муомала қилсак, берган насиҳатимизнинг таъсири камаяди. Шунинг учун ота-она ҳам фарзандига ёшига мос масъулият бериши керак.

Бола ўз хонасини йиғиштирсин, китобларини асрасин, дастурхонга ёрдам берсин, сувни исроф қилмасин, бобо-­бувисининг ҳолидан хабар олсин. Бу ишлар болани қийнаш эмас, аксинча, уни ҳаётга тайёрлашдир.

Бугун ҳамма нарсаси муҳайё қилиб берилган бола эртага мустақил ҳаётда қийналиб қолмаслиги учун унга кичиклигидан ишонч билдиришимиз зарур. Айни пайтда интизомни қўрқитиш билан, меҳнатга ўргатишни эса болага оғир юк ортиш билан адаштирмаслигимиз лозим.

Ўғил-қизларимиз нима учун бирор ишни бажараётганини тушунсин. Унинг фикри тинглансин, меҳнати қадрлансин, хатосини тузатишига имконият берилсин. Ана шунда масъулият мажбуриятдан одатга, одат эса инсоннинг табиатига айланади.

Бугунги болалар бизнинг авлодимиздан бутунлай бошқа ахборот муҳитида улғаймоқда. Улар телефон, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали дунё билан мулоқот қилади. Бунинг яхши томонлари кўп. Лекин бундай шароитда одоб, андиша ва масъулиятнинг аҳамияти янада ортади.

Фарзандимиз кўчада катталарга ҳурмат кўрсатса-ю, интернетда бошқаларни ҳақорат қилса, буни тўғри тарбия деб бўлмайди. У ўзи эшитган ҳар қандай хабарни текширмасдан тарқатса, бошқаларнинг шаъни ва шахсий ҳаётига бепарво қараса, демак, биз унга масъулиятнинг мазмунини тўлиқ англата олмаганмиз.

Шунинг учун тарбия фақат синфхона ёки оила давраси билан чекланмаслиги керак. У бола ҳаётидаги барча муносабатларни қамраб олиши зарур. Яхши одобнинг ўлчови ҳамма жойда бир хил: инсон бошқаларга ҳурмат билан қараши, ўз сўзи ва ҳаракати учун жавобгарликни ҳис қилиши керак.

Баъзан биз жамиятдаги катта ўзгариш­ларни фақат йирик қурилишлар, янги корхоналар, замонавий технологиялар билан боғлаймиз. Албатта, буларнинг барчаси зарур. Лекин ўша биноларда ишлайдиган, технологияларни бошқарадиган, юрт тараққиётига ҳисса қўшадиган инсон қандай бўлиши керак? У билимли, ҳалол, меҳнатсевар, интизомли, масъулиятли, ўзгаларга ҳурматли бўлиши лозим.

Бундай инсонни бир кунда тарбиялаб бўлмайди. У болалигидан ўз вазифасини бажаришни, бировнинг меҳнатини қадрлашни, ваъдасида туришни, қийинчиликдан қочмасликни ўрганиб боради. Наманганда Япония тажрибаси асосида бошланган ишларга мен ана шу нуқтаи назардан қарайман.

Бу ташаббуснинг қиммати фақат хорижий усулларни қўллаётганимизда эмас. Энг муҳими, биз тарбияга янгича назар билан қараяпмиз, уни кундалик ҳаётга яқинлаштиришга интиляпмиз.

Албатта, ҳали ўрганиш, кузатиш, тўғрилаш ва такомиллаштириш керак бўлган жиҳатлар кўп. Ҳар қандай янги тажриба ўз натижасини вақт ўтиши билан кўрсатади. Бироқ йўналиш тўғри танланса, устоз, ота-она, маҳалла ва нуронийлар бир мақсад йўлида ҳамжиҳат бўлса, бу ҳаракат албатта самара беради.

Мен бир нарсага ишонаман: боланинг қўлига супурги тутқазишдан ҳам муҳимроғи унга умумий жойни асраш ­масъулиятини англатишдир. Бирор вазифа беришдан ҳам муҳимроғи ўша вазифани виждонан бажаришга ўргатишдир. Одоб ҳақида гапиришдан ҳам муҳимроғи катталарнинг ўзлари унга намуна бўлишидир.

Биз япон методикасидан фойдаланиб, ўзбек фарзандини миллий қадриятларга содиқ, дунёқараши кенг, билимли, меҳнатсевар, мустақил фикрлайдиган ва масъулиятли инсон қилиб вояга етказишимиз керак. Бунда дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, фойдали тажрибани ўрганишдан чўчимаслигимиз лозим. Зеро, миллатнинг эртанги қиёфаси бугун фарзандларимизга бераётган тарбиямизда акс этади.

Икромхон НАЖМИДДИНОВ,

“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти

бўлими раиси,

Олий Мажлис Сенати аъзоси