Кейинги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъат ривожига, хусусан, бахшичилик, мақом, миллий эстрада санъатини янада равнақ топтириш масаласига катта эътибор қаратиляпти. Жойларда опера ва бахшичиликка ихтисослашган мактаблар, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти умидли операчи, бахши ва мақомчиларни тарбиялашга хизмат қилса, Миллий эстрада ижрочилик мактабларининг яратилиши соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлади.

2020 йил 2 декабрда Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилингандан сўнг нафақат миллий, балки жаҳон эстрадаси ривожига муносиб ҳисса қўшган санъаткорнинг хотирасига бағишлаб кўплаб тадбирлар ўтказилди, унинг китоблари, қўшиқлари жамланган альбомлар, рассом сифатида яратган асарлари кўргазмаси тақдимотлари бўлиб ўтди.

2021 йил 16 октябрь куни эса давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Миллий эстрада ижрочилик мактабларини яратиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий салоҳиятдан самарали фойдаланган ҳолда миллий эстрада санъатини жадал ривожлантириш мақсадида фаолият бошлайдиган таълим муассасаси соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишга бел боғлади.

Миллий эстрада йўналишини ривожлантириш учун алоҳида институт ташкил этишга туртки бўлган омиллар, унинг бошқа санъат олийгоҳлари, умуман, мусиқий билим берувчи муассасалардан фарқли жиҳатлари, таълим сифати хусусида мутасадди ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

 Миллий эстрада йўналишида ягона таълим маскани

Камолиддин Ўринбоев, Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Миллий эстрада санъати институти ташкил этилиши, аввало, эстрада ижрочилиги йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, уларнинг илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиши билан аҳамиятли.

Бу ерда яратиладиган ўқув-методик адабиётлар, нотага кўчириладиган миллий эстрада ижрочилиги намуналари, шунингдек, атоқли композитор ва бастакорлар, хонанда ва созандалар ижодини чуқур ўрганиш миллий эстрадамиз учун муносиб вакилларни тарбиялашимизда муҳим омил бўлади.

Президентимиз таъкидлаганидек, халқимиз, хусусан, ёш авлод онгида миллий эстрада орқали миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш асосий вазифа деб белгиланди. Бу ишларни республикамизда ягона ҳисобланадиган айнан шу институт амалга оширади!

Ўтган асрда пайдо бўлиб, ривожланиб, тараққий этган эстрада жанрлари ижтимоий-маънавий ҳаётимизга шу қадар кириб бордики, ҳатто миллий эстрада санъатимиз шаклланди. Миллий эстрада бугун юртимиз маданияти тизимида ўта муҳим ўрин тутмоқда. Чунки у оммавий санъат тури сифатида минг-минглаб кишиларга бирдай таъсир кўрсатиб, ҳамиша инсонларнинг руҳий эҳтиёжларини тезкор қондириш қудратига эга, десак муболаға бўлмайди.

Эстрада санъатини ривожлантириш масалалари кўпроқ репертуар муаммоси ҳал этилишига боғлиқ. Бунинг учун шоирлар, композиторлар, аранжировкачилар танилган ва ёш хонандаю созандалар учун янги асарлар яратиши, кенг тарғиб этиш орқали уларни тарқатиш муҳим вазифадир.

Қолаверса, Ўзбекистонда миллий эстрада санъатини ривожлантириш учун турли ҳудудларда ижод қилаётган иқтидорларни, ҳаваскор санъаткорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириб, ишларини такомиллаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини сифат босқичига кўтариш, бу жараёнда хорижий тажрибаларни янада кенг татбиқ этиш, миллий эстрада санъати тарихи ва назарияси тадқиқотини кучайтириш зарур.

Мамлакатимизда миллий эстрадани ривожлантиришга барча имконият ва шароитлар яратилаётган экан, шу соҳадаги барча ижодкорлардан халқимизга манзур бўладиган янги бадиий баркамол қўшиқ ва куйлар яратиб, фаол ижод қилишларини кутиб қоламиз.

Мусиқа фанлари профессионал таълим даражасига кўтарилади

Иброҳим Йўлдошев, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори:

– Ўзбек миллий эстрада санъати бой тарихга эга. “Эстрада” тушунчаси кириб келгунга қадар ҳам унинг турли жанр ва кўринишлари мавжуд бўлиб, профессионал даражада XX асрда шаклланган. Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Тамарахоним, Уста Олим Комилов каби санъаткорлар миллий эстраданинг пойдеворига асос солган бўлса, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров профессионал эстрада санъати мактабини яратган. Машҳур “Ялла” гуруҳи, Юнус Тўраев, Мансур Тошматов, Насиба Абдуллаева, Юлдуз Усмонова, Кумуш Раззақова, Озодбек Назарбеков, Козим Қаюмов каби ижодкорлар бевосита Ботир Зокиров яратган миллий эстрада мактаби давомчилари бўлиб, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшишган. Мазкур жараён ўзига хос тажриба майдони, устоз-шогирд анъанаси, эстрада санъатининг миллий спецификасини вужудга келтириб, ўз ўрнида ўрганилиши ва тадқиқ этилиши, қолаверса, ёш авлодга ўргатилиши лозим бўлган санъат турига айланди.

Бу ҳолат миллий эстрада санъати соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, профессионал эстрада таълимини жорий этишга сабаб бўлди.

Ботир Зокиров номидаги институт айнан эстрада жанрлари бўйича профессионал таълимга асосланади. Бунда устоз-шогирд анъаналари билан бирга жаҳон эстрада санъати таълимидаги илғор методикалар асосида ўқув машғулотлари ўтказилади, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилади ҳамда дунё миқёсида иқтидорли ўзбек ёшларининг маҳоратини намойиш этишга янада кенгроқ имконият яратилади.

Миллий эстрадамизни ривожлантириш борасида дастлабки эътиборни таълимнинг қуйи бўғинларига қаратиш керак. Хусусан, барча мусиқа ва санъат мактаблари, ўрта таълим мактабларида, аввало, мусиқа ва мусиқа билан боғлиқ бўлган барча фанлар профессионал таълим даражасига ўрганилиши лозим.

Ботир Зокиров мактаби анъаналари барҳаёт

Дилором Омонуллаева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби:

– Давлатимиз раҳбарининг Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтини ташкил этиш тўғрисидаги қарори эстрада йўналишидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Унда,  шунингдек, миллий эстрада намуналарини нотага кўчириш, мусиқий эстрада бўйича фундаментал, амалий ва ижодий изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари ва анъаналарини қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш, ижро ва ижодий мактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ҳам кўзда тутилгани аҳамиятлидир.

Қарорда бизни қувонтирадиган яна бир жиҳат бор. Бу ҳам бўлса, миллий эстрада йўналишида замонавий ижро намуналарининг “олтин фонди”ни яратиш масаласидир. Фонд эстрада йўналишидаги бебаҳо қўшиқларни сақлаб қолишга имкон беради. Ваҳоланки, шу пайтгача соҳага мутлақо эътибор берилмаганди. Энди қарор асосида халқимиз, хусусан, ёш авлод онгида миллий эстрада қўшиқчилиги орқали миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик, мусиқий дид ва тафаккурни камол топтириш, эстрада йўналишларида хорижий олий таълим муассасалари ва ташкилотлари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш имконияти туғилмоқда, десак янглишмаймиз.

Институт профессор-ўқитувчилари ва концертмейстерларига Маданият вазирлиги тизимида узоқ муддат хизмат қилгани учун ойлик устама татбиқ этилиши таълим сифатини таъминлашга хизмат қилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб институтнинг илмий-педагогик кадрлари таркибини олий таълим ва илмий ташкилотларда ҳамда Маданият вазирлиги тизимида фаолият юритаётган, жумладан, хорижий ўқув ва илмий масканларда малака ошириб келган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, шунингдек, соҳадаги салоҳиятли амалиётчи мутахассислар орасидан шакллантириш кўзда тутилган. Қолаверса, мамлакатимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, мактаб-интернатлар ҳамда маданият, мусиқа ва санъат коллежларига институтнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳамда юртимизда ижод қилиб келаётган таниқли эстрада ижодкорларини бириктириш орқали маҳорат дарсларини йўлга қўйиш белгиланган.

Эстрада санъати йўналишига қадам қўяётган ҳар бир ёш санъаткор Ботир Зокиров ижодини мукаммал ўрганиши, бу жараёнда устоз санъаткорнинг шахсига ҳам мурожаат қилиши керак. Чунки Ботир Зокировнинг ҳаёт йўлидан ибрат оладиган жиҳатлар жуда кўп. У Мутал Бурхонов, Икром Акбаров, Манас Левиев, Энмарк Солиҳов каби етук композиторлар ва қўшиқчи шоирлар билан ҳамкорликда ҳақиқий, умрбоқий эстрада қўшиқларини мерос қолдирди.

Ботир Зокиров ўзбек миллий эстрада санъатини дунёга танитган, ўз даврида мегаюлдуз даражасида машҳур бўлган. Шунинг учун ҳам институтда Ботир Зокиров хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ва музей, ўзбек миллий эстрадаси намояндаларининг “устоз-шогирд” ижрочилик мактаблари, замонавий ижодий студиялар ва ахборот-ресурс марказлари ташкил қилинаётгани бизни мамнун этмоқда.

***

Яна бир жиҳат: фаолияти йўлга қўйиладиган музей Ботир Зокиров ва Зокировлар сулоласи ҳаёти ва фаолияти, миллий эстрада санъатимиз ривожланиши ва дунё миқёсида кенг тарғиб этилишини ёрқин акс эттирувчи экспонатлар жамланиб, санъаткор ижодига мансуб тасвирий санъат намуналари ҳамда адабий асарлар жамланади, мунтазам равишда кўргазма-экспозициялар ташкил этилади.

Ботир Зокиров билан 1976 йилдан буён умрининг охирига қадар ака-укадек бўлиб ижод қилган Мансур Тошматовнинг айтишича, буюк ижодкорнинг қўшиқларини Магаданда ҳам, Узоқ Шарқда ҳам, Сахалинда ҳам, Санкт-Петербургда ҳам, Москвада ҳам, Европа, Осиё, Америка қитъаларининг қатор давлатларида ҳам яхши билишар, яхши кўриб эшити­шарди.

 “Мен ўз кундалигимни ажойиб ёшлигимнинг энг бахтиёр кунларидан — болалигимнинг илк орзулари рўёбга чиққан кунидан бошлагим келади… Ўша куни мен Тошкент давлат консерваторияси вокал факультети тайёрлов бўлимига имтиҳонни муваффақиятли топширдим. Ўша дақиқаларда мен саҳнада туриб ҳассос ва талабчан тингловчилар қаршисида кечирган чексиз ҳаяжонларим, изтиробларим куйлашим биланоқ тумандай тарқаб кетди”.

Ботир Зокировнинг кундалик дафтаридан олинган мана шундай илиқ хотиралар институт талабаси бўлиш орзусидаги ҳар бир йигит-қизга бегона туйғу эмас. Санъаткорнинг куйлаш маҳорати, мақсадлари йўлидаги чинакам жасорати туфайли қалбига оташ учқуни тушган талабадан ҳам юксак парвозларни умид қилишга ҳақлимиз. Эстрада санъатида Ботир Зокиров қолдирган ўчмас из уларни дунёнинг энг буюк давлатларига-да етаклаб борсин!

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.