Фарзандлари, яқинлари ҳамда шогирдлари қуршовида юбилей санасини нишонлаётган Хадича опанинг хонадонига кутилмаганда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакиллари бориб, юбилярга эзгу тилаклар билдирди, унга уюшма совғасини топширди. 

— Президентимиз томонидан соҳамизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлардан, биз, кекса журналистларга қаратилаётган бундай алоҳида эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилади, — дейди бугун фарзандлари ва набиралари ардоғида кексалик гаштини сураётган устоз журналист Х.Рамазонова. — Очиғи, Уюшмамиз масъуллари келишини кутмагандим, бундан жуда хурсанд бўлдим.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурда юбилей ёшини нишонлаётган устоз журналистларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Уюшма томонидан мазкур ҳужжат ижроси доирасида устоз журналистларни ижтимоий ҳимоя қилиш, юбилей саналари нишонланаётган соҳа фахрийларининг ижодий кечаларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Уюшма раиси в.б. Холмурод Салимовнинг маълум қилишича, ўтган йили мамлакатимиз бўйича юз нафарга яқин фахрий, 60 нафардан зиёд юбилей ёшини нишонлаган соҳа вакиллари йўқланган, уларга совға-саломлар топширилган. 2024 йилда юбилей ёшини нишонлайдиган 100 нафар фахрий журналист "Ҳуррият" газетасига Уюшма томонидан обуна қилиб берилган. Уюшма йиллик иш режасига кўра, жорий йилда мазкур йўналишдаги ишлар кўлами кенгайтирилади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси 
Ахборот хизмати