Бугун жамиятимизнинг янги қиёфасини яратиш йўлидаги “Буюк юксалиш” даври сиёсати ҳақида мушоҳада юритар эканмиз, шу яшовчан ҳикмат умримиз мазмунига айланиб бораётганини теран англаш қийин эмас. Зеро, мана шу тўрт омил бундан етти йил аввал Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг негизи сифатида белгиланган эди.
Президентимизнинг жорий йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси босиб ўтган шарафли йўлимизни яна бир бор сарҳисоб қилиш ва кириб келаётган янги йил марраларини янада баланд олишга ундаётир.
Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, инсонлар ҳамиша яхшилик сари интилган, ҳеч бир жамият ёки давлатчилик моҳияти йўқки, токи унинг мақсади ўзни қораловчи сиёсатга йўғрилган бўлсин. Фақат тарихда катта-кичик хатолар учраб туради, талқинлар ранг-баранглиги кузатилади, турли кўнгилсизликлар бўлиши ҳам тайин.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, Президентимиз раҳбарлигида бошланган халқпарвар сиёсат фақат ва фақат адолат тамойиллари асосига қурилганини кўришимиз мумкин. Бу йўлда мақсадимиз аниқ белгиланди: биз энди тарихдаги хатоларни такрорламаймиз, халқ манфаатлари учун ишлаймиз, узоқ йиллар ортга суриб келинган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишга киришамиз, давлат фуқароларга хизмат қилишига эришамиз. Агар холис ўйлаб кўрсак, халқимизни мана шу муҳим жиҳатлар бирлаштириб турганини, нимагаки эришган бўлсак, шу тамойиллар пойдевор эканига гувоҳмиз.
Оидлик руҳи
Ўтаётган ҳар бир кун — синов. Ҳеч бир кун бошқасига ўхшамайди. Шундай экан, бир тутам умр мазмунини бойитиш, маҳобатли ҳаётни севиш ва қадрлаш, фалсафаси билан шуҳрат қозонган яхшилик ва тириклик йўлини бойитиш мақсадида қаён кетяпмиз ўзи, деган савол туғилиши табиий.
Бу саволнинг жавоби мураккаб, ўз навбатида, ғоят залварли. Бугун дунё ўзгариб боряпти, деймиз. Аслида-чи? Фикримизча, дунё ўз жойида тургандек, фақатгина бу жаҳон саҳнида сиёсий тутумлар янгиланмоқда.
Президентимиз Мурожаатномасида таъкидлагани: “Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз — бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланмоқда. Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солмоқда”.
Шундай мураккаб шароитда Президентимиз концептуал Мурожаатномасида келгуси ривожланишимизнинг олтита муҳим йўналишини белгилаб берди.
Бу ҳақда тўхталишдан олдин, бу галги Мурожаатноманинг энг муҳим ўзига хос жиҳатларини айтиб ўтишимиз керак бўлади.
Биринчидан, Мурожаатнома Ўзбекистон аҳолиси 36 миллиондан ошган бир паллада тақдим этилди.
Эътибор беринг, нуфусимиз сафига ҳар йили қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда. Бундай демографик ўсиш юртимиздаги тинчлик-осойишталик, менталитетимизга хос юксалиш, файзу баракага интилиш муҳити ҳосиласи, албатта. Қолаверса, кўп миллатли халқимизда келажакка бўлган мустаҳкам ишонч шаклланаётгани самарасидир.
Иккинчидан, поёнига етаётган синовли йилда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айлангани алоҳида эътироф этилиб, бундай катта ютуқларга эришишда фидойилик кўрсатган барча юртдошимизга миннатдорлик билдирилди.
Бутун дунёда ишонч руҳи сўниб бораётган, бу, ўз навбатида, ўзаро боғлиқликда ривожланиш тенденцияларини кун тартибида қўяётган бугунги шароитда ҳар бир давлат ташқи сиёсатига залварли вазифалар қўяди. Шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистон инсоният тақдири билан боғлиқ ҳаётий аҳамиятли вазифани уддалагани ва жаҳон сиёсати марказларидан бирига айлангани ҳар биримизда фахр ҳиссини уйғотади.
Учинчидан, Мурожаатномада белгиланган истиқболли вазифа ва режалар жорий йил якунини, янги йил аввалини кутиб ўтирмасданоқ, катта маъмурий ислоҳотлар билан бошлаб юборилди.
“Бу борада хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди”, деди Президентимиз.
Эртаси куни матбуотда Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Бу икки ҳужжат мамлакатимизда натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратишда мутлақо янги даврни бошлаб берди. Шу кунларда бу борадаги ислоҳотлар жадал олиб борилмоқда.
Тўртинчидан, бу галги Мурожаатномада энг кўп ишлатилган сўзлар “таълим”, “мактаб”, “аҳоли”, “шахс”, “халқ”, “Конституция”, “инвестиция”, “тадбиркорлик”, “маҳалла” бўлди.
Умуман олганда, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, халқ фаровонлигини ошириш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшлар ва таълим каби масалалар давлатимиз раҳбари Мурожаатномаларининг ажралмас қисмига айланган.
Шу маънода, бу сафар ҳам жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий юксалишига муҳим эътибор қаратилди. Бу, ўз навбатида, Тараққиёт стратегиямизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.
Бешинчидан, Мурожаатномада асосий эътибор таълим сиёсатига қаратилди.
Ўзбекистонда таълим соҳасига ажратилаётган маблағ йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, 2021 йилда давлат дастурларида белгиланган вазифаларни, хусусан, узлуксиз таълим тизими ва илм-фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан соҳага 2197 миллиард сўм, илм-фанга 168 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган эди. Бу кўрсаткич Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўйича 2,9 триллион сўмни, Халқ таълими вазирлиги тизимида 22,1 триллион сўмни ташкил этди. 2022 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 4,1 триллион сўм, Халқ таълими вазирлигига 25,8 триллион сўм ажратилди.
Олтинчидан, мавжуд муаммо ва йўл қўйилган камчиликлар очиқ айтилиб, уларга аниқ ечимлар кўрсатилди.
Президентимиз миллий ривожланишимизнинг янги даврига дадил қадам қўяётганимизни, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини катта мамнуният билан таъкидлаб, ҳали олдинда қиладиган ишлар кўплигига урғу берди. Бу борадаги чора-тадбирлар, вазифалар олтита йўналиш бўйича аниқ таклиф ва ечимлар асосида белгиланди.
Булар: ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, “ижтимоий давлат” тамойилини Конституцияда мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгилаш, экология, айниқса, сув масалаларига жиддий ёндашиш, эркин бозор механизмларини жорий этиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни Конституцияда акс эттириш ва ниҳоят, иқтисодиётда маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилаш.
Еттинчидан, Президентимиз Мурожаатномасининг яна бир муҳим ва фарқли жиҳати шундаки, концептуал ҳужжатда илк бор эътибор ва сифат кўрсаткичи диққат марказида бўлди.
Бу шундан далолатки, биз ривожланган мамлакатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, янги жамият қуришдек катта йўлга чиқдик. Янги Ўзбекистоннинг жозибадор қиёфасини шакллантириш бош мақсадимизга айланди.
Мурожаатномадаги олти йўналишда кўзда тутилган мақсад ва вазифалар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда таълим-тарбия соҳаси, ихчам ва самарали давлат бошқарувини ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, энергетика тизимини такомиллаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш янги босқичда давом этади.
Бугун жамиятимизда ўзаро тотувлик ва бирдамлик руҳи шаклланмоқда. Бунга жуда катта эҳтиёж сезаётганимиз ҳам бор гап. Чунки дунёнинг глобал сиёсатида ўзаро ишонч муҳити сўниб бораётган бир шароитда халқлараро бағрикенглик, дўстлик руҳи ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Тўғри, бу жуда қийин муддао. Бир ўйлаб кўринг, дунёда радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар урчиб бораётган бир шароитда маънавий меросни сақлаб қолишнинг ўзи осон эмас. Нимагаки, бундай таҳликали замонда фақат маънавий юксак кишиларгина бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, ўзаро дўстлик ва биргаликда ривожланиш мақсадларини теран англаши мумкин.
Гап шу ҳақда борар экан, Президентимиз Мурожаатномасига эътибор қаратиш ўринлидир. Давлатимиз раҳбари таъкидладики, биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз.
Бу муҳим масалада алоҳида Миллий дастур қабул қиламиз.
Аслини айтганда, янги миллий жамиятлашувимизнинг бош мақсади ҳам шундай белгиланган. Жамиятимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, маданият-маърифат соҳасини ривожлантириш, устоз-мураббийлар қадрини юксалтириш, ёшларни турли мафкуравий тийиқсиз оқимларга қарши тарбиялаш бош мақсадимиз бўлган.
Юқорида умр мазмунини бойитиш, ҳаётни севиш ва қадрлаш, яхшилик ва тириклик йўлини мустаҳкамлаш мақсадида қаён кетяпмиз, деган савол қўйиб, унинг жавоби мураккаб ва ғоят сермазмун эканини айтган эдик. Мураккаблиги шундаки, дунёда ахборот технологиялари кишиларни, хусусан, ёшларни ғоят пишиқ қамраб олган. Бундай муҳитда яшаётган ҳеч кимга осон эмас, боиси, технологиялар, аввало, ҳисларни сўндиради, мустақил фикрлаш, жозибадор ҳаётдан завқланиш, атрофдаги воқеа-ҳодисалардан ҳаяжонланиш туйғусини ўтмаслаштиради, меҳр-оқибат мезонлари ортга сурилади.
Сермазмунлиги эса — оидлик бахти. Шундай мураккаб замонда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаётдан умиди бўлади. Бу умид, истаймизми-йўқми, барибир жамиятлашув билан дахлдор сезгилар ҳосиласи ўлароқ пайдо бўлади ва яшайди.
Одамларнинг атрофдаги воқеа-ҳодисаларга аралашуви, давлатчилик тузуми ва жорий этилаётган қонун-қоидаларга муносабати, улар учун қайғуриши ёки хурсандлигининг асл манбаси ҳам, аввало, яшаётган умид туфайлидир. Айтмоқчимизки, бу каби туйғу куртаги жамиятга нисбатан оидлик шамойилини юзага келтиради. Шу тариқа жамиятимизнинг янги қиёфаси шаклланади.
Янги Ўзбекистонни қуришдек эзгу мақсадларимиз йўлида мана шу қиёфа ҳақида кўп гапираётганимиз ҳам бежиз эмас. Чунки Янги Ўзбекистон фуқаролари бугунги ислоҳотларга асло бефарқ эмас. Биз бирлашиш йўлини танлаганимизни тасодифга йўйиш ҳам катта хатодир. Нимагаки, биз бугун фикрли жамиятда яшаяпмиз. Фикр тарбиясига йўл очдик. Ҳар бир фикр улғайиб боряпти. Бунинг асоси эса Президентимиз Мурожаатномасида жуда ўринли келтирилган. Ўзингиз яна бир мушоҳада қилинг-а: “...қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз.
Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз”.
Бу катта ишонч ва таянч қудрати бизни биргина йўлга бошлайди — ислоҳотларга оидлик бахтига.
Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат
Инсонларни яхши ё ёмонга ажратиш бизнинг эътиқодга тўғри келмайди. Ҳар бир инсон, аввало, бетакрор мўъжиза, алоҳида бир хилқат, Аллоҳнинг яратган марҳамати. Шу боис, миллий тутумларимиздан келиб чиқиб айтамизки, жамиятда инсон қадри юксак бўлиши керак. Кейинги йилларда ҳаётдан топган ҳақиқатимиз шу бўлди, десак муболаға эмас.
Президентимиз Мурожаатномасини диққат ва теран тушуниш истаги билан ўргансак, кўз олдимизда ниҳоятда кенг кўламли ва янги ислоҳотлар даври бошланаётганини сезамиз. Келинг, шу ўринда келгуси тараққиётимизнинг концептуал асоси бўладиган Мурожаатномадан айрим иқтибослар келтириб ўтамиз.
“Тараққиётга фақат машаққатли меҳнат ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”, “Инсон қадри, инсонни эъзозлаш — эътиборимиздаги энг асосий масала”, “Нуроний отахон ва онахонларимиз оила даврасида, ҳаж ва умра зиёратларида шукроналик дуоларини қилаётгани бизга куч ва ғайрат бағишламоқда”, “Биз жонажон Ватанимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга ҳар томонлама қодирмиз”, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори”, “Бу — менинг Конституциям”, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, “Маҳалла — тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир”, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ — қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари — биз учун олий қадрият”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.
Эътибор қилсак, бу каби иқтибосларда бош урғу инсон қадрини юксалтиришга йўналтирилган. Шу боис, бугун баралла айтишимиз мумкинки, Янги Ўзбекистонда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар йили сафимизга қўшилаётган минглаб гўдаклар бизнинг келажагимиз эмасми?! Уларни камолга етказиш, ҳеч кимдан кам қилмай, тўкис келажак яратиш бахти ҳам катта савоб эмасми?!
Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, режа ва вазифалар замирида ҳам ана шу қутлуғ шарафга йўл очиш мақсади мужассам, аслида. Зеро, эътибор ва сифат тажассуми ҳаётни безатувчи моҳият эканини бугун барчамиз яхши англаймиз.
Яхшиликни билмоқ ҳам фазилат
“Замонни қоралама, болам, — дерди ота-боболаримиз. — Ношукурлик бўлади. Қорин ғамини енгиш осон, инсон бир бурда нонга тўяди. Қаноатда гап кўп. Лекин нон топиш учун ўзлигингни унутма. Элни уятга қўйма”.
Бу тарбия бизни шукроналик сари етаклаб камол топтирди. Ўртада ҳар замоннинг ўз йўриғи бўлди, йўрғаловчилар кўп бўлди. Биров ўрга тортди, биров қирга. Аммо халқимизнинг ўйи бузилмади, камтарин, камсуқум яшаб келди.
Эллик йилда эл янги, дейди халқимиз. Бугун бизнинг фарзандларимиз камолга етди. Замонни ўзгартиряпмиз. Бугун кечагидан, эртага бугундан яхши яшаш истаги зоҳир. Шукрки, мустақилмиз, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукмрон, ҳар тонгда ўзгача файзни кўрамиз.
Яқинда “Янги Ўзбекистон” газетасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг мақоласи чоп этилди. Унда, жумладан, бундай дейилади: Аллоҳ таоло диёримизга Ўзининг азиз неъмати — тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Атрофга назар солсак, бизларни ўраб турган сон-саноқсиз неъматлар қуршовида яшаётганимизга амин бўламиз. Қуръони каримда Раббимиз бундай марҳамат қилади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингизни ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз”.
Шуларни ўйлаб, кўнглимиздан кўп соҳир туйғулар ўтади. Ҳар бир отган тонг, ҳар бир ўтаётган кунимиз учун беҳисоб шукр келтиришимиз керак. Зеро, бугунги қут-барака ва давлатимиз раҳбари жонбозлигида эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам, аввало, шукроналик, камтаринлик ва ҳамжиҳатлик ҳикмати зоҳир.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси том маънода бизни олий мақсадларга элтувчи ва ўзимиз истаётган фаровон ҳаёт сари чорловчи йўлчи юлдуз бўлиб қолади. Бу борада белгиланган вазифаларни чўнг меҳр ва фидойилик билан уддаласак, марра бизники бўлади!