Чунки Бош қонунда жамиятнинг умумий қадриятлари ва интилишлари акс этади. Конституция мавжудлиги қонунчилик ҳақида умумий тасаввурларни пайдо қилиб, ҳаракат йўналишларини аниқ белгилаб олиш имконини беради.

Масалан, Буюк Британияда ягона Конституция мавжуд эмас. Бу давлат Конституцияси вақт ўтиши билан ривожланган турли қонунлар, конвенциялар ва анъаналардан иборат. Шу туфайли ҳам айрим масалаларда ноқулай вазиятлар келиб чиққан, тартиб-қоида ва умумий қадриятларни ўрганиш учун анча вақт кетган. Фикримча, ягона Конституция йўқлиги ҳуқуқий масалаларда ноаниқлик ва чалкашликларга олиб келиши мумкин. Чунки ҳукуматнинг асосий тамойил, қонун-қоида ва тузилмаларини акс эттирувчи аниқ ҳужжат бўлмайди. Бошқа томондан, мамлакат ягона Конституциясига эга бўлиш-бўлмаслиги ушбу давлат фуқароларининг танлови, албатта.

Ўзбекистонда 30 апрель куни янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш масаласида референдум бўлиб ўтади. Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ходимлари бу мамлакатда таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, хизмат тақозоси ёки турли сабаблар билан шу ерда бўлиб турган ватандошларимизга конституциявий ислоҳот моҳияти, референдум тартиби, элчихона қошида сайлов участкаси ташкил этилгани, муддатидан олдин овоз бериш тартиби ҳақида маълумот бериб борди. Онлайн ва офлайн учрашув, давра суҳбатлари уюштирилди. Хорижий ОАВларда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ҳақида экспертлар мақолаларини ўқияпмиз, ўйлайманки, хорижда юрган ватандошларимиз ҳам янги таҳрирдаги Конституция билан яхши танишган. Ҳатто  айрим хорижлик курсдошларимнинг ҳам ушбу масалани билиши мени ҳайрон қолдирмоқда. Бу Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларни чет элда ҳам қизиқиш билан кузатиб боришаётганидан далолат беради. Мен ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизни диққат билан ўрганиб чиқдим. Бугун эътиборимни тортган айрим жиҳатлар ҳақида айтмоқчиман.

Халқ Конституцияси

Янги таҳрирдаги Конституциямиз муқаддимасида бундай дейилган: “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи... ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз”. Одатда қонунлар (Конституция ҳам Бош қонун) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниши, Сенат томонидан маъқулланиши, Президент имзолаши ва эълон қилиши каби тартибтаомиллардан ўтгач, қонуний кучга эга бўлади. Албатта, қонунлар референдум йўли билан қабул қилиниши ҳам мумкин, бироқ амалиётда бундай ҳол камдан-кам кузатилади. Ҳозирги ҳолатда Конституция бевосита референдумда кўпчилик маъқуллагандан ва эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Шу маънода, “Халқ Конституцияси” деган гапимиз ҳаётий ҳақиқат касб этади.

Тўғридан-тўғри амал қилади

Янги таҳрирдаги Конституциямизда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридантўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил қилади”, деб ёзилган. Бунда эътиборимни тортган асосий масала Конституция тўғридан-тўғри амалга қилиши ҳақидаги нормадир. Конституцияда ёзилган нормалар қанчалик чиройли бўлмасин, агар у ишламаса, ҳеч кимга наф йўқ. Конституция олий юридик кучга эга ҳужжат ва қабул қилинган қонунлар, қонуности ҳужжатлар унга зид бўлмаслиги керак. Бу ҳар қандай ҳуқуқий давлат амал қиладиган устувор қадрият. Айрим ҳолларда Конституцияда белгиланган ҳуқуқни амалга оширишнинг имкони бўлмайди. Бунга сабаб уни амалга ошириш тартибини белгиловчи тегишли ҳужжат қабул қилинмаган бўлади. Бу ҳуқуқшунослар орасида “оқ доғ” деб аталади. Лойиҳадаги ушбу норма билан айнан шунинг олди олиняпти. Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилиши давлат органлари ва фуқароларнинг улардан тўғридан-тўғри фойдаланиши ва риоя этиши кўзда тутилаётганини билдиради. Конституцияга киритилаётган, унинг тўғридантўғри амал қилиши ҳақидаги қоида орқали Конституция нормалари уларни қўллаш тартиби алоҳида  қонунчилик ҳужжатларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, амал қилишига эришилади. Оддийроқ айтадиган бўлсак, фуқароларимиз Конституцияда белгиланган имтиёз ёки ҳуқуқдан фойдаланмоқчи бўлганда давлат органлари ходимлари “ҳали йўриқномаси ишлаб чиқилмаган” ёки “юқоридан бизга кўрсатма ёки буйруқ берилмаган” каби баҳоналар қила олмайди.

Мутаносиблик принципи

Янги таҳрирдаги Конституцияда “Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак” нормаси мавжуд. Албатта, ҳар қандай жамиятда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам қонунлар, қоидалар бузилиши мумкин ҳамда улар бузилгани учун шахс жавобгарликка тортилади. Бироқ баъзида давлатга 1 сўм тўлай олмасдан юрган шахс 100 сўм жаримага тортилиши мумкин. Ҳуқуқий давлатда жазодан мақсад ўч олиш эмас, шахсни қайта тарбиялашдир. Мана шу ерда ўринли савол туғилади, хўш, шахсга жазо белгилашда нимага қараймиз, мезон нима бўлади?  Янги норма айни шу мезонни белгилаб бермоқда. Мазкур норма жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига олиб келади.

Фуқаролар давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга бўлмоқда

Хориждаги юртдошларимиздан айримлари яхши жойларда — банклар, суғурта агентликлари, таълим ташкилотларида ишлайди. Ўзбекистонга қайтмайсизми, деб сўраганимда: “Биз институтни тугатиб, давлатга хизмат қилиш учун борганмиз, 3-6 ойлаб юрганмиз, бироқ турли баҳоналар билан ишга олишмаган, таниш-билишчилик бўлган”, деган гапларни эшитаман. Менимча, янги таҳрирдаги Конституцияда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар”, деб белгиланиши жуда муҳим. Бундай ҳуқуқнинг конституциявий даражага кўтарилиши давлат хизматига киришдаги коррупциявий ҳолатлар, непотизм, фаворитизм каби иллатларнинг олдини олади. Давлат хизматига киришда номзодларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқлари тенглиги кафолатланади.

“Миранда қоидаси” киритилмоқда

Янги таҳрирдаги Конституцияда шахсга ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари тушунтирилиши шартлиги  белгиланмоқда. Бу юридик тилда “Миранда қоидаси” дейилади. Шахс нима учун ушланганини, қандай ҳуқуқлари борлигини билиши шарт. Суд, тергов идораларида амалиёт ўташ пайтида гувоҳ бўлганманки, процессуал таъсир чоралари қўлланган шахс қанчалик билимли бўлмасин, оғир руҳий аҳволга тушиб қолади. Баъзида нопрофессионал терговчилар пайтдан фойдаланиб босим ўтказишга, кўрсатмаларни расмийлаштириб олишга ҳаракат қилади. Фикримча, шахс айнан ушлаш вақтида ҳуқуқий ёрдамга жуда муҳтож бўлади. Чунки у оғир руҳий вазиятда айбсизлигини исботлаши шартмаслигини, аксинча, айбдор бўладиган бўлса, уни исботлаш мажбурияти тергов органларига юклатилганини англай олмайди. “Миранда қоидаси”га биноан эса ушланган шахсга сукут сақлаш, сўроқ жараёнида адвокати иштирокини талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эгалиги илк сониялардаёқ тушунтирилади. Яъни янги таҳрирдаги Конституцияда жиноий таъқибга олинган шахсларни давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоялашнинг деярли барча усуллари акс этмоқда.

Ҳаракатланиш эркинлиги кафолатланмоқда

Ҳаракатланиш эркинлиги инсоннинг энг асосий ҳуқуқларидан биридир. Бу ҳуқуқ шахснинг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга бориш, турар ва яшаш жойини эркин ўзгартириш, мамлакатдан чиқиш ва қайтиш ҳуқуқини қамраб олади. Янги таҳрирдаги Конституцияда “Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга”, дея белгилаб қўйилган. Юртимиз тарихидаги бир вилоятдан иккинчисига ўтишда паспорт кўрсатиш шарт бўлган даврларга гувоҳмиз. Энг қизиғи, мазкур чекловлар идоравий ҳужжат даражасида жорий этилган эди. Ҳозирги кунда бу каби инсонни камситувчи тўсиқлар бартараф қилинган. Ушбу нормаларнинг Конституцияда ёзиб қўйилиши келгусида ҳам кимнингдир хоҳиши билан ҳаракатланиш эркинлигига тўсиқлар пайдо бўлмаслигини англатади.

Интернетдан фойдаланиш ҳуқуқи белгиланмоқда

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат интернетдан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда. Бу жуда илғор норма. Ҳозирги кунда интернетга уланиш ҳуқуқи давлатнинг аҳолига кўрсатиши шарт бўлган телекоммуникация хизмати сифатида баҳоланади. Интернет фуқароларга давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш имконини беради. Шу сабабли реал ҳаётдаги инсон ҳуқуқлари виртуал оламда ҳам рақамли акс этиши керак, деган фикр тобора кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда. Яъни онлайн режимда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари офлайндагидан кам бўлмаслиги керак. Интернетга кириш ҳуқуқини инсон ҳуқуқларининг янги “рақамли” авлоди ҳуқуқи, деб ҳисоблаш мумкин. Ўзбекистон эса мазкур ҳуқуқни Конституция даражасида мустаҳкамлаётган илк давлатлар қаторига қўшилмоқда.

Янги таҳрирдаги конституция зарурати

Ҳиндистон Конституцияси меъморларидан бири бўлган Бхимрао Амбедкар “Конституция шунчаки ҳуқуқшуносларнинг ҳужжати эмас, бу ҳаёт воситаси ва унинг руҳи ҳар доим давр руҳидир”, деган эди. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар шу нуқтаи назардан ҳам ғоят муҳимдир. Амбедкар Конституция вақт ўтиши билан ривожланиб, жамият қадриятларини сақлаган ҳолда ушбу жамият интилишлари, одамларнинг ўзгарувчан эҳтиёж ва талабларини акс эттириши, яъни у ҳозирги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароитларга мос бўлиши керак, деб ҳисоблаган. Ўзгарувчан замон тенденцияларини акс эттира олмайдиган Конституция ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда эскирган ва самарасиз бўлиб қолишини алоҳида қайд этган. Шунинг учун ўзгарувчан шароитларга мослаша оладиган ва динамик жамият қадриятларини акс эттира оладиган “тирик Конституция” муҳимлигини таъкидлаган ва Конституцияни “Living Document” “тирик (жонли) ҳужжат” деб атаган. Шу маънода, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси ўтган йиллар мобайнида эришган барча ютуқларни сақлаб қолган ҳолда қатор янги ва илғор ғоялар билан бойимоқда. Ўзбекистон фуқароларига муносиб ҳаёт шароити яратиш мақсадида ижтимоий кафолат ҳамда иқтисодий тараққиётни янада юксалтирувчи кафолатлар киритилмоқда. Шундай экан, Асосий қонунимиз энди шиддат билан ўзгараётган воқелик фонида юртимиз тараққиётини белгиловчи, глобал дунёнинг барча чақириқларига муносиб жавоб берувчи ҳужжат сифатида хизмат қилади.

Муштарий МАДРАҲИМОВА,

Буюк Британиянинг Оксфорд университети магистранти, 

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати.

("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2023 йил 28 апрель, 81-сони.)