Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилда илк бор етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш мақсадида янги ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. 

Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, болалар оромгоҳларда ўз тенгдошлари билан бир хил шароитларда дам олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса уларнинг ижтимоийлашуви, янги дўстлар орттириши ва мазмунли вақт ўтказишига хизмат қилади.

Маълум қилинишича, лойиҳа иштирокчилари учун йўлланмалар ҳамда дам олиш билан боғлиқ барча харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилмоқда.

Айни вақтда лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 1062 нафар бола оромгоҳларга юборилган бўлиб, улар учун соғломлаштириш тадбирлари бошланган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бахтли болалигини таъминлашга қаратилган муҳим ижтимоий лойиҳалардан бири ҳисобланади.