Унда кенг жамоатчилик намояндалари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимнинг ҳамкасблари ва шогирдлари ҳамда оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Рустам Қосимовнинг эл-юртимиз олдидаги кўп йиллик самарали хизматлари, амалга оширган эзгу ва хайрли ишлари, гўзал инсоний фазилатларини ёд этди.
Агар ҳаёт бўлганида Рустам Қосимов бу йил табаррук 70 ёшни қаршилар эди. Ушбу қутлуғ сана арафасида нашр қилинган мазкур тўпламдан таниқли давлат ва жамоат арбоблари, сенатор ва депутатлар, илм-фан, таълим, маданият ва санъат ходимлари, шоир ва адиблар, олимнинг яқин дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг ёдномалари ўрин олган. Уларда Рустам Қосимовнинг ибратли умр йўли, самарали ижтимоий фаолияти, бетакрор инсоний фазилатлари, она юртга чин фарзандлик муҳаббати, талабчан ва жонкуяр устоз- мураббий сифатида ўнлаб шогирдларига кўрсатган меҳр-эътибори ҳамда ғамхўрликлари ёрқин ҳаётий воқеалар орқали очиб берилган.
Масалан, таниқли шарқшунос ва дипломат Шоазим Миноваров ўзининг мўъжаз мақоласида бундай воқеани ҳикоя қилади: “Рустам Собирович Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаб юрган дамлари бир куни кабинетидаги кичик йиғилишдан кейин: “Шоазим ака, сиз қолинг”, деди. Бошқалар чиқиб кетгач: “Менга айтадиган бирор гапингиз йўқми?” деб сўради кутилмаганда. “Йўқ, ҳаммаси жойида, тинчлик...”, дедим-у, лекин тўғрисини айтганда, ўша кезлари раҳматли акам оғир дардга чалинган, нима қилишни, бу ҳақда кимга айтишни билмай сиқилиб юрар эдим. У кўзимга синовчан тикилди.
— Йўқ, ака, сезиб турибман, ичингизда айтолмаётган бир гапингиз борга ўхшайди, — деди. — Айтинг, нима гап, нимадан ташвишланяпсиз?
“Ё, тавба, — дедим ичимда, — бу одам бунчалар зийрак бўлмаса ёки дардимни ўзим ҳам билмасдан сездириб қўйдиммикан? Йўқ, бу ҳақда бировга чурқ этмаган эдим-ку...”. Ноилож, дилимни ёрдим. Гапимни диққат билан эшитди, кейин: “Ҳеч куйинманг, ака, ҳаммаси яхши бўлади”, дея анча кўнглимни кўтарди, ёрдам қилишга ваъда берди. Сўзининг устидан чиқиб, оиламизга, акамга кўп ёрдам кўрсатди...”.
Дарҳақиқат, хотира кечасида эътироф этилганидек, Рустам Қосимов ҳеч қачон атрофидаги инсонларнинг ғам-ташвишига бефарқ бўлмаган. Қўлидан келганча уларга амалий ғамхўрлик қилган, қўллаб-қувватлаган. Бунга ушбу тўпламдаги жуда кўп ёдномалар ҳам гувоҳлик беради.
Устоз нафақат яқин шогирдлари, балки ватанга хизмат қилишга бел боғлаган барча ёш кадрларнинг ютуқларидан беҳад қувонар, ўрни келганда улардан қимматли ўгитларини аямас, бу меҳрга жавобан шогирдлари, укалари ҳам уни ғоят ҳурмат қилар ва қадрлар эди.
Бугун таниқли адабиётшунос, академик сифатида элга танилган зукко олим ва педагог Шуҳрат Сирожиддинов тақдири бунга мисол бўла олади. Шуҳрат домланинг китобдан ўрин олган мақоласида ёзилишича, 2003 йил сентябрь ойида у Буюк Британиядан — Оксфорддаги Ислом тадқиқотлари марказидан қайтиб келиб, тез орада яна шу марказга ишга жўнаб кетиши керак бўлган.
“Бир иш билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига йўлим тушди, — деб эслайди Ш.Сирожиддинов. — Кираверишда Рустам Собировичга дуч келдим...”.
Икки қадрдон узоқ вақт суҳбатлашиб қолади.
“Шуҳратжон, мақолаларингизни ўқиб тураман. Яхшигина адабиётшунос, энг муҳими, навоийшунос бўлиб таниляпсиз, — дейди Рустам Собирович. — Бирга ишласак, нима дейсиз? Жаҳон маданияти ва фалсафа кафедрасини сизга топширсам, кўтариб берардингиз-да, укажон”.
Бу кутилмаган таклифдан ёш олим қувонишниям, қувонмасликниям билмай қолади. Жомадонни тайёрлаб, чет элга, нуфузли илмий даргоҳга ишга кетаётган одам нима қилсин?..
“Қўлимда уч йиллик шартномам бор. Оксфордда мени кутишяпти”, дейди у секин, иложи борича устозни хафа қилиб қўймасликка уриниб.
Худди мана шу жойда Рустам Собировичнинг нақадар фидойи, ватанпарвар шахс экани намоён бўлади. У ёш олимга куюнчаклик билан дейди: “Ҳаммангиз қочаверсангиз, давлатни ким оёққа турғизади? Миллий-диний қадриятларни тиклаш, ёшлар орасида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини яхшилаш кун тартибига асосий масала этиб қўйилган, шуни тушунасизми? Бу вазифани бажариш қўлидан келадиган кадрлар ошиб-тошиб ётганида, мен бу гапларни балки гапириб ўтирмасдим... — Сўнгра, муаллифнинг изоҳлашича, яна ўша “йигирма йиллар олдинги ўзимизнинг Рустам акамиз” бўлиб, ҳамсуҳбатини яқин олиб, сўзида давом этади. — Давлат сенга ўхшаган тушунган одамларга, илмли, зиёли кадрларга муҳтож, наҳотки шуни англамасанг, укажон... Оксфорд қочиб кетмас, лекин мана бу ишлар қочиб кетиши мумкин...”.
“Рустам Собирович бир оз норози оҳангда, аммо куюнчаклик билан гапирар экан, борган сари бу самимий сўзларга таслим бўлаётганимни ҳис эта бошладим, — дея иқрор бўлади муаллиф. — Чиндан ҳам бу гапларда асло муболаға ёки ёлғон йўқ эди. Домла эл-юрт тақдири, маънавият, миллий ва диний қадриятлар билан боғлиқ ўткир ва долзарб муаммолар хусусида юрак-юракдан ташвишланиб сўзларди.
Бу хавотирлар менга ҳам таниш, айни шу муаммолар мени ҳам ўйлантирар эди. Бўлди, дедим ўзимга ўзим, мен давлатга керак эканманми, қолганим бўлсин!”.
Рустам Қосимовнинг устоз-мураббийлигида ўз йўлини топиб кетган, кейинчалик ўзлари ҳам етук олим ва мутахассислар сифатида эл-юрт ҳурматини қозонган инсонлар жуда кўп.
Хотираларни ўқиган китобхон “У қаерда, қайси лавозимда хизмат қилмасин, ўзлигини йўқотмади”, деган эътирофга бот-бот дуч келади. Бу бежиз эмас. Устоз Рустам Қосимов чиндан ҳам олижаноб, гўзал қалб соҳиби эди. Китобдаги хотиранома муаллифларидан бири, Рустам Қосимовнинг дўсти Аъзамхон Каримовнинг таъбири билан айтганда, “оёғи ердан узилмаган, ҳақиқий маърифатли, Худо сийлаган” зот эди.
У ота-онасини, барча қариндошларини ниҳоятда эъзозларди. Яқинларининг гувоҳлик беришича, Рустам Қосимов умрининг охирига қадар ҳар куни муҳтарама онажони Муҳаббатхон аянинг дуоларини олишни канда қилмаган.
Дарвоқе, шу йил январь ойида бир кам юз ёшида дунёдан ўтган Муҳаббатхон ая турмуш ўртоғи — машҳур олим ва педагог Собир ҳожи Қосимов вафот этгандан кейин қарийб 35 йил давомида фарзанду набираларига бош бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, дуо қилиб яшаган табаррук инсон бўлган.
Рустам аканинг дўстларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг Муҳаббатхон аяга бағишлаб ёзган “Оққан дарё” шеърида бундай мисралар бор:
Оққан дарё оқар, қуёш тўхтамас,
Ғубор боғламагай мерос заковат.
Бир дарё кўнглимдек тўлғин шу нафас,
Дарёки, лиммо-лим меҳру муҳаббат.
Она сайёрада она табиат
Она халқим учун сочса дурдона,
Сиз бизга бердингиз чексиз муҳаббат,
Сиз мунис мураббий, онажон, она...
Тадбирда сўзга чиққанлар Рустам Қосимов билан биргаликда унинг падари бузруквори ва волидаи муҳтарамаси, ўтган барча яқин инсонлари хотирасига ҳам ҳурмат бажо келтирди.
Мухтасар айтганда, “Рустам Қосимов замондошлари хотирасида” тўплами жуда ибратли, юртимизнинг турли ҳудудларида хизмат қилаётган катта-кичик ҳар бир раҳбар-етакчининг иш столида турса арзийдиган китоб бўлибди. Чунки бу китоб раҳбар шахсияти, унинг маънавий дунёси, мураккаб вазиятларда нималарга эътибор қаратиши зарурлиги, ишга, одамларга, ҳаётга муносабат хусусида яхши сабоқ беради.
Жумладан, таниқли ёзувчи Маматқул Ҳазратқуловнинг Рустам Қосимов ҳақидаги қуйидаги гаплари эътиборли: “Яна бир хислати ёдимда қолган: соф адабий тилда гапирарди, деярли шева ишлатмас эди. Ўйлайманки, бу раҳбарлар учун, айниқса, юқори лавозимда ўтирган шахслар учун жуда муҳим ва аҳамияти катта. У киши кибрдан, манманликдан холи, хўжакўрсинга иш қилмас, табиатан камтар инсон бўлган. Мен фалончиман, сен ким бўлибсан деган қараш Рустам акага мутлақо ёт эди...”.
Ҳа, гўзал одоб-ахлоқ, ширинсуханлик, муомала, мулоқот маданияти ҳам катта ва ноёб неъмат. Устоз Рустам Қосимов айни шундай жиҳатларга эга шахс эди. Кўп китоб ўқигани боис, сўз бойлиги ҳам кўп, чиройли лутфлари билан инсонлар кўнглига йўл топа оларди.
“Ўша кезлари биз ёнма-ён биноларда ишлардик, — деб ёзади Маматқул Ҳазратқулов устознинг Касаба уюшмалари федерациясида фаолият юритган дамларини эслаб. — Бир гал суҳбатлашиб қолганимизда, кулиб ҳазиллашгани ёдимда: “Тошкент гуллари”нинг бу ёнида мен, у ёнида сиз… Ўртамизда ҳар ҳолда гул-ку, чақиртикан бўлишидан Худо асрасин”. Топқирликни, лутфнинг гўзаллигини қаранг!
Рустам Қосимов ёш кадрларни жамиятнинг, мамлакатнинг, халқнинг энг катта таянчи деб билган. Китобда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов Рустам Қосимовнинг бундай муҳим ўгитини келтириб ўтган: “Билимли кадр бу — ҳали яхши кадр дегани эмас. Яхши кадр бўлиши учун у тарбияли, миллатпарвар, юртпарвар ҳам бўлиши керак”.
Китобга жамланган шу каби самимий хотираларни ўқир эканман, кўнглимдан кўп ўйлар кечди, устозим билан қайта учрашиб, унутилмас ва файзли суҳбатларини олгандек бўлдим. У билан ёнма-ён ишлаган йилларимни эсладим.
Мен сўзимни ўзим учун азиз бўлган бир хотира билан якунламоқчиман.
2021 йил баҳори эди, Рустам Қосимов шифохонага тушиб қолганини эшитиб, безовталандим. Тез-тез хабар олиб, гоҳ устоздан, гоҳида фарзандлари ва яқинларидан аҳволларини сўраб турдим. Бир куни устозга телефон қилсам, жавоб бермади, қаттиқ хавотирга тушдим. Бир оздан сўнг ўзи алоқага чиқиб, телеграммдан “Боту, яхшимисан?” деб ёзиб қолди, қувониб кетдим. Ёзишдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. “Ўзингизни эҳтиёт қилинг, соғайиб кетинг”, деб ёздим. Устознинг охирги гаплари “Боту, омон бўл” деган жумла бўлди.
Мен бу сўзларни устозимнинг сўнгги дуоси ўрнида ҳамон юрагимда сақлаб юраман.
Руҳингиз шод бўлсин, азиз устоз!
Боту АЛИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
раҳбарининг биринчи ўринбосари,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)