Таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида давлат сиёсатининг асосий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Мазкур ислоҳотлар билан тенгма-тенг қадам ташлаётган Фарғона давлат университети жамоаси ҳам олий таълим тизимини жаҳон андозаларига мос даражага кўтаришга сидқидилдан ҳаракат қилмоқдалар.

 Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, куни кеча оммавий ахборот воситалари орқали Фарғона давлат университети дунёнинг нуфузли рейтингидан жой олгани тўғрисида хушхабар тарқалди.

Бутун дунёга ўз нуфузи ва шаффофлиги билан танилган Буюк Британиянинг Times Higher Education –“THE” рейтингида университет натижалари эътироф этилди. Унга кўра, Times Higher Education (Impact Rankings) – дунё университетларининг БМТ – “Барқарор ривожланиш мақсадлари” га (SDGs) мувофиқлигини баҳоловчи глобал рейтингда 14 йўналиш бўйича Фарғона давлат университети юқори кўрсаткичлар билан 1000+ натижани қайд этди. Яъни - ушбу олий таълим муассасасининг якдилликда қилаётган меҳнати халқаро экспертлар хулосаларида ўз бахосини топди.

Таъкидлаш зарурки, ҳозирги кунда университетда сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Билим даргоҳларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техника базаси яхшиланяпди, илмий ишланмаларни молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилмоқда.

Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор - Баҳодиржон Шермуҳаммадов  томонидан профессор-ўқитувчилар ва ишчи ходимлар, олимлар, ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурматни, эътиборни ошириш, таълим-тарбия, илм-фан соҳаларини такомиллаштириш йўлида салмоқли ишлар амалга ошириляпти.

Талаба-ёшларимизнинг муносиб билим олишларига, маънан ва жисмонан етук комил инсонлар бўлиб вояга етишларига етарлича имконият яратилиб берилаётгани  - бугун улар эришаётган натижаларда яққол кўринмоқда. Жаҳондаги бир неча машҳур университетларнинг илмий, таълимий ва тадқиқот фаолияти, шунингдек, халқаро таълим дастурлари тизими билан ҳамкорликда кўплаб ишлар олиб борилмоқда. Зеро, бу ишларнинг натижаси келгусида албатта таълим-тарбия сифатида, ёшларимиз камолотида намоён бўлади.

Абдулатиф АБДУМАЛИКОВ,

ФарДУнинг сиртқи таълим бўлими бошлиғи,

Фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.