Миллий ва анъанавий спорт турларини, халқ ўйинларини тиклаш, ривожлантириш, уларнинг ягона тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш, шунингдек аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳам Этноспорт ассоциациясининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Ота-боболаримиз, момоларимиз ўйнаб келган қадимий миллий ўйинларимиз сон жиҳатидан ҳам салмоқлидир. Улар оддий ўйин эмас, аксинча асрлар мобайнида сайқалланиб, халқчил ўйин сифатида бизгача етиб келган. Акс ҳолда аждодларимиз уларни шу давргача мерос сифатида олиб келмаган бўлар эди.

Аждодларимизнинг ҳаётида ўз ўрнини эгаллаган халқ ўйинларини бугунги инновацион техника асри ҳаётимиздан сиқиб чиқармоқда. Шу боис унутилишга маҳкум бўлган миллий спорт турларимизни халқнинг ичидан топиб яна келажак авлодларга етказиш учун ташланадиган ҳар бир ҳаракатга инсоний ва миллий бурч сифатида қарашимиз давр талаби бўлиб қолмоқда.

Халқ орасида юзлаб ўйинларимиз мавжуд бўлганки, уларнинг ҳар бири ўзига хос жисмоний ва маънавий аҳамиятга эга. Аждодларимиз ҳаёти давомида машғул бўлиб келган ҳар бир миллий спорт турларимизда орият ва ҳалоллик каби инсоний хислатлар мужассамдир. Халқ ўйинларимиз қонун-қоидалари ва шаклу-шамойили билан ҳам шу қадар мукаммал шаклланганки, деярли барча миллий спорт турларимизни ҳакамларсиз ўйнаш ва ундан завқланиш мумкин бўлган.

Миллий спорт турларимиздан кураш, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати, Турон яккакураши, қарабтеп ва улоқ-кўпкари кабилари халқаро спорт турлари қаторидан жой олиб бўлди. Бугунги кунда ушбу спорт турлари бўйича бутун дунё беллашмоқда.

Биз шу жойда тўхтаб қолмасдан миллий халқ ўйинларимизни дунёга олиб чиқишда давом этамиз. Бу борада қадимий қадриятларимиз – халқ ўйинлари ва миллий спорт турларимизга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганини ҳам эътироф этишимиз керак. Жорий йил 25 май куни Президентимизнинг “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам имзоланди.

Қарорда этноспорт турларини 2025 йилгача ривожлантириш дастури батафсил кўрсатиб берилди. Шунингдек, тегишлилиги бўйича вазирлик, идора ва ҳудудий ҳокимликларга бу йўналишда кўрсатмалар алоҳида белгилаб қўйилди.

2023 йилдан бошлаб этноспорт турлари бўйича «Uzbekistan Ethno Games» республика фестивалини ҳар йил Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланган бўлса, ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ташкил этиш ҳам қарорда кўрсатилиб ўтилди.

Шунингдек, барча таълим муассасаларида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг моҳияти ва уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий-ахлоқий жиҳатдан ўрни ҳақида тушунчалар бериб борилиши ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу тушунчалар жисмоний тарбия дарслари ҳамда маънавият соатларида ўтилади.

Ўзбекистон этноспорт ассоциациясига аҳолининг барча қатламларини этноспорт билан шуғулланишга жалб қилиш, маҳаллаларда этноспорт турлари бўйича халқ ўйинлари ва мусобақаларни ўтказиш ҳамда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликни кучайтириш вазифалари топширилди.

Ушбу йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун биз қарор чиққан кундан бошлаб ҳаракатларни бошлаб юборганмиз. Барча ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Шу жумладан Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда иш олиб боряпти. Яқинда конфедерация президенти Билол Эрдўғон шахсан ўзи келиб Ўзбекистонда этноспорт турлари бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ўзбекистон халқ ўйинлари ва миллий спорт турларининг тарихи, қонун-қоидаларини ўзида акс эттирган “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси”нинг қисқа муддатда чоп этилишига Билол Эрдўғон юқори баҳо берди.

Миллий спорт турларимизни халқаро миқёсга олиб чиқиш борасида қиладиган ишларимиз талайгина. Шу кунларда ЮНЕСКО ташкилотидан номоддий маданий мерос мақоми олиниши мумкин бўлган этноспорт турлари рўйхатини шакллантирмоқдамиз.

Этноспорт турлари 9 тани ташкил этаётган бўлса, шу кунгача халқ орасидан топилган миллий спорт турларимиз сони 198 тани ташкил этмоқда. Бу рақамлар сўнгги рақамлар эмас. Ҳали изланишда давом этсак, бу рақамлар ортиб бораверади.

Ўзбекистонда этноспортни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида қўйилган мақсадлардан келиб чиқиб, шуни айтаманки, олдинда ҳали амалга оширилиши керак бўлган вазифаларимиз кўп.

Ойбек Норинбаев,

Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси раиси