Нуфузли компания раҳбари вилоятда мутасаддилар билан учрашиб, ҳудудда туризм йўналиши бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди.

Икки томонлама учрашув давомида Ҳиндистондан Андижонга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун алоҳида турпакетлар тақдимоти, шунингдек, Андижон давлат чет тиллари институти билан таълим туризми бўйича ҳамкорлик масалалари, вилоятдаги жойлаштириш воситалари ҳолати ҳақидаги маълумотлар муҳокама этилди. Учрашув натижаларига кўра май-июнь ойларида компания томонидан 500 нафар ҳиндистонлик сайёҳларни Андижон вилоятига ташрифи ва вилоят бўйлаб маршрути борасида якуний келишувга эришилди.

Ўзининг 3 минг 800 дан ортиқ хизмат турларига эга бўлган «Euroasia Travel India» компанияси кузатувчилари ва мижозлари орасида Андижон вилоятига оид контентлар тарғиботи муҳим натижаларга эришишда катта аҳамият касб этиши мумкинлиги таъкидланди, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун, жорий йил 12-17 апрель кунлари Андижон вилояти ҳокимлиги делегацияси ҳам Ҳиндистонга ташриф буюриб, икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, Андижон вилоятига Ҳиндистондан сайёҳлар оқимини ошириш масалаларида келишувларга эришилган эди.