Суҳбат давомида Европа таълим тизими билан интеграция жараёнида ҳамкорлик, таълимда сифатни ошириш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш ва қўллашда ЕИ томонидан молиялаштириладиган Twinning ва TAIEX дастурларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
— Инспекциямиз фаолиятимизнинг илк кунларидан бошлаб, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилиш, таълим тизимимизнинг халқаро ҳамжамият билан интеграциясига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, — деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев. — Нуфузли рейтинг агентликлари ва илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида олий таълим муассасалари миллий рейтинги йўлга қўйилди. Шунингдек, QS, THE агентликлар билан миллий рейтинг тизими методологиясини такомиллаштириш бўйича яқин ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бу йил мамлакатимиздаги университетларнинг миллий рейтингини тўртинчи маротаба эълон қилишни режалаштиряпмиз. Қувонарлиси, университетларимизда барча кўрсаткичлари бўйича ижобий ўсиш динамикаси кузатилмоқда.
Шунингдек, таълим муассасаларининг мустақиллиги ва масъулиятини оширишга, таълим сифатини баҳолашда меҳнат бозори томонидан тайёрланган кадрларни тан олинишига алоҳида эътибор қаратиладиган янги институционал тизим яратилди.
Таълим сифатини Европа талаблари даражасида таъминлаш тизимини жорий етиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2020 йилда Европа олий таълим сифати кафолати ассоциацияси кузатувчи сифатида қабул қилинди. Марказий Осиё минтақасидаги давлат ташкилотларидан биринчи бўлиб, Европа таълим инспекциялари тармоғига аъзо бўлди.
Президентимиз топшириғига асосан, Финляндия таълим тажрибасини ўрганишга киришдик. Ушбу мамлакат вакиллари билан ҳамкорлигимиз натижасида қисқа вақтда яхши натижаларга эришдик.
Таълим сифатини баҳолашга қаратилган PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро дастурларда илк маротаба иштирок этмоқдамиз.
ЕИнинг Erasmus дастури кўмагида миллий олий таълим муассасалари учун семинар ташкил этиб келмоқдамиз.
Юқоридаги масалалар бўйича ЕИнинг Twinning ва TAIEX дастурлари ёрдамида ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтириш ниятидамиз.
Умид қиламизки, бугунги учрашув кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади ва белгиланган вазифалар муваффақиятли амалга оширилади.
Элчи Шарлотта Адриан хоним илиқ қабул ва берилган батафсил маълумотлар учун миннатдорлик билдирар экан, таълим соҳаси бўйича таклифларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар кўтарилган масалалар юзасидан ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттиришга келишиб олишди, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.