Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен кучли сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун Словенияга 400 миллион евро ажратилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу йил Европа Иттифоқининг бирдамлик жамғармасидан 100 миллион евро, келгусида эса яна 300 миллион евро ажратилади.
Словения Бош вазири Роберт Голобнинг айтишича, тошқинлар миллиардлаб евро зарар келтирган.
“Мазкур сув тошқинлари мамлакатнинг яқин тарихидаги энг катта табиий офатга айланди, деди у.
Кучли ёмғир ёғиши Словенияда кенг кўламли сув тошқинларига олиб келди. 100 дан 200 миллиметргача ёмғир ёғди. Мамлакат маркази ва шимоли сув остида қолди. Дарёлар қирғоқларидан тошиб кетди, кўчкилар қайд этилди, шаҳарлар электр энергиясиз қолди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда сув тошқини оқибатида олти киши ҳалок бўлди, улардан икки нафари Нидерландия фуқароси, деб хабар беради korrespondent.net.