Тадбирда афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва унинг ҳудудида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича халқаро ҳамда минтақавий саъй-ҳаракатлар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ўз нутқида мамлакатимизнинг Афғонистонга нисбатан юритаётган сиёсати, унинг асосий жиҳатлари, жумладан, мамлакат янги ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Учрашув иштирокчилари Афғонистондаги оғир инсонпарварлик вазиятдан хавотирда эканликларини қайд этиб, бошқа давлатларни ҳам ушбу мамлакат халқига мазкур хайрли ишга қўл уришларига чорлади.

Афғонистоннинг янги расмийлари кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш бўйича ўз ваъдалари ва халқаро мажбуриятларини бажариши, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, шунингдек, мамлакат ҳудудининг халқаро террорчилар бошпанасига айланишининг олдини олиши зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган Махсус вакиллар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Термиз шаҳрида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш учун Кўптармоқли транспорт-логистика хабини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.

Ушбу шаклдаги мулоқотни Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳатлашувлар ва ҳамкорлик платформаси сифатида мунтазам равишда давом эттиришга келишиб олинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбир якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.