Суҳбат чоғида Исмоил Эртуғ Ўзбекистонда хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва қулайликлар яратиш, жумладан, республика пойтахти ҳамда вилоятларида яратилаётган замонавий инфратузилма, хорижликлар учун жорий этилган визасиз режимни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар билан таништирилди.

Кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида жадал ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Натижада шаҳарнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, барча тоифадаги сайёҳларни қабул қилиш бўйича жаҳон стандартларига жавоб берадиган «Очиқ осмон» режимидаги эга янги халқаро аэропорт барпо этилди.

Янги қад ростлаган «Буюк ипак йўли»  халқаро сайёҳлик марказида жаҳон андозалари даражасидаги меҳмонхоналар, кенг жамоат жойлари, соғломлаштириш марказлари жойлашган бутик меҳмонхоналар, турли овқатланиш ва дам олиш масканлари, шунингдек, халқаро тадбирларни ўтказиш учун конгресс-холл мавжудлиги ҳақида сўз юритилди. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини таъмирлаш борасидаги бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўз навбатида, Исмоил Эртуғ Ўзбекистон кейинги йилларда европалик сайёҳлар орасида жозибадор манзилга айланганини таъкидлади. Шунингдек, у европалик сайёҳларнинг энг кўп қисмини Германия фуқаролари ташкил этишини қайд этди.

Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, жумладан, сайёҳлик ассоциациялари, Европа пойтахтлари аэропортлари маъмуриятлари, турли сайёҳлик форумлари ва кўргазмалари вакиллари билан алоқа ўрнатиш орқали кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Хусусан, Ўзбекистон вакилларининг 2023 йилда Бельгияда ўтказиладиган навбатдаги Глобал туризм форумида иштирок этиши масаласини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Ўзбекистоннинг бундай тадбирларда тақдим этилиши мамлакатнинг Европа Иттифоқи мамлакатларида янада кенгроқ тан олинишига ва европалик сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилади.

«Форумлар ва кўргазмалар миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш учун қулай жой, - деди Исмоил Эртуғ. - Мамлакатимга сайёҳлар оқимини оширишнинг яна бир истиқболли йўналиши Европа пойтахтларидан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўлиши мумкин».

Томонлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олди.