Меморандумда ЕТТБнинг «Ўзсаноатқурилишбанк» ни хусусийлаштиришдан олдинги трансформациясида 50 миллион доллар миқдорида кредит линияси бериш орқали иштирок этиши кўзда тутилган.
Трансформация доирасида тақдим этилган кредит, банкнинг устав капиталига конвертация қилинади, натижада ЕТТБ Ўзсаноатқурилишбанк акциядорига айланади.
Учрашувда Бош вазир ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Молия вазири Тимур Ишметов, Молия вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинходжаев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов, «Ўзсаноатқурилишбанк» Бошқаруви раиси ўринбосари Зафар Азимов иштирок этишди, дея хабар қилади Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот хизмати.
Биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк бошчилигидаги ЕТТБ делегацияси эса Марказий Осиё бўйича янги бошқарувчи директор Жужанна Харгитай, Ўзбекистондаги ваколатхона раҳбари Алкис Дракинос, Молия ташкилотлари секторидаги бошқарувчи директор Франсис Малиж ва банкнинг бошқа вакилларидан таркиб топди.
Учрашув давомида корхоналарни, шунингдек банклар давлат иштирокидаги трансформация ва хусусийлаштириш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши тўғрисида маълумот берилди. Томонлар ушбу жараёнларда ЕТТБ томонидан кўрсатилаётган роли ва ёрдамини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида бозор капиталини янада такомиллаштириш, шунингдек, ЕТТБнинг техник кўмагида амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилинди.