5 мартдан бошлаб Aвстриядаги деярли барча чекловлар олиб ташланиши режалаштирилган. Қаҳвахона ва ресторанларнинг тунги вақтда ишлашига қўйилган тақиқлар амал қилмайди, оммавий тадбирлар ўтказилишига рухсат берилади. Комендантлик соати ҳам бекор қилинади.

Бундан ташқари, 19-февралдан бошлаб мамлакат 3G қоидасига қайтади — яъни эмлаш ёки соғайиш сертификатидан ташқари, турли тадбирларга кириш учун коронавирусга қарши топширилган тестнинг салбий натижаси ҳам тан олинади.

Карантин чекловлари “айниқса заиф жойларда” — касалхоналар ва қариялар уйларида давом этади. 2Г қоидасига кўра у ерда соғайиш ёки эмлаш сертификати талаб қилинади. Ниқоб тақиш талаби жамоат транспортида, шунингдек, банк, супермаркет, дорихона ва почта бўлимларида амал қилади. Бошқа жойларда бу фақат тавсия этилади.

Швейцарияда 17-февралдан бошлаб COVID-паспортларидан фойдаланиш тўхтатилади. Бундан ташқари, шахсий йиғилишларда ҳам чекловлар бўлмайди. Мактаблар, дўконлар, концерт заллари ва иш жойларида мажбурий ниқоб тақиш талаби бекор қилинмоқда. Aммо март ойининг охиригача уларни жамоат транспорти ва тиббиёт муассасаларида тақиш керак бўлади.