Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистондаги медиа-муҳит кўп сонли давлат ва хусусий ОАВ билан тавсифланади. Медиа-муҳитнинг яхшилангани, сўнгги йилларда ахборотдан фойдаланиш ва мамлакатда содир бўлган воқеаларни танқидий ёритиш имконияти кенгайтирилгани қайд қилинди.

Ҳокимият органлари, ўз ахборот хизматларини ривожлантириш орқали тизимли равишда ОАВ билан ўзаро ҳамкорликни такомиллаштираётгани, мунтазам равишда матбуот анжуманлари, брифинглар ва бошқа ахборотга оид тадбирларни ўтказаётгани айтиб ўтилди.

Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасида туб ўзгаришлар содир бўлди. Бугунги кунда ОАВ халқ овозига ва тўртинчи ҳокимиятга айланди. Ахборотдан фойдаланиш имконияти ортган, айрим ижтимоий ва сиёсий масалаларни танқидий нуқтаи назардан ёритиш имконияти пайдо бўлди.Танқидий материаллар эътиборсиз қолмаяпти, давлат органлари уларни таҳлил қилиб, халқ билан мулоқотга киришмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Зайниддин Низамходжаев таъкидлаганидек, «сайловларнинг адолатли ва ошкора ўтишида нафақат Марказий сайлов комиссиясининг, балки журналист ва блогерлар ҳам муҳим роль ўйнайди». Айнан улар жамоатчиликка бўлиб ўтаётган воқеалар ҳақидаги ишончли ва ошкора ахборотни етказиб беради.

Шу муносабат билан МСК ОАВ билан яқин ҳамкорликни ўрнатди.

«Халқ сўзи» - «Народное слово», «Янги Ўзбекистон» - «Правда Востока», «Ҳуррият», «Human.uz», «Qalampir.uz», «Bugun.uz», «Nova24.uz» каби интернет нашрлар, «Bright Uzbekistan» ахборот портали билан икки томонлама меморандумлар имзоланди.

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида мунтазам равишда ОАВ вакилларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадда тренинглар ўтказилди.

Умуман, бугунги кунда Ўзбекистонда сўз эркинлигини рўёбга чиқариш мақсадида кенг имкониятлар яратилган ва яратилмоқда.

Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловларини жами 1 672 ОАВ вакили, шу жумладан 140 дан зиёд хорижий ОАВ вакиллари кузатди.

Эслатиб ўтамиз, МСКнинг таклифига биноан, ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси ва Европа парламентининг қўшма Миссияси илк маротаба юртимиздаги президент сайловини кузатмоқда.

Ирландиялик дипломат Оуэн Мёрфи бошчилигидаги ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари жорий йилнинг 15 сентябридан буён сайловларни кузатишмоқда. Миссия 17 нафар кишидан иборат асосий гуруҳ, 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилар ҳамда ЕХҲТ га аъзо 26 мамлакатдан ташриф буюрган 207 нафар қисқа муддатли кузатувчи сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатишди. Шу билан бирга, президент сайловини кузатиш учун ЕХҲТДИИҲБ раҳбарияти, хусусан, ЕХҲТДИИҲБ директори Маттео Мекаччи ҳам иштирок этди.

Бундан ташқари, 27 мамлакатдан 98 нафарга яқин депутат-кузатувчилардан иборат ЕХҲТ Парламентской ассамблеяси делегацияси ва ЕХҲТ ПА Президенти Маргарета Седерфелт ва Бош котиби Роберто Монтелла ҳам илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.

Шу билан бирга, 12 нафар депутатдан иборат Европа парламенти кузатувчилари ҳам ЕХҲТДИИҲБ миссиясига қўшилди. Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларни кузатиш учун 44 мамлакатдан жами 365 та кузатувчи ташриф буюрган.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЕХҲТ делегациясининг илк маротаба қатнашиши Ташкилот томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг эътироф этилиши ва қўллаб-қувватлашидан далолатдир.