Гап шундаки, фуқарога маиший техника олиши учун 2021 йил май ойида Ипотека банк томонидан Навоий шаҳрида жойлашган “Техно-Шиваки-Навоий” МЧЖ ҳисобрақамига 24 миллион сўм пул маблағи кўчириб берилган. МЧЖ эса фуқарони хабардор қилмасдан, олиниши назарда тутилган товарларни ўзаро тил бириктириб бошқа фуқарога бериб юборган. Бу ҳам етмаганидек, шу кунга қадар фуқаро номига расмийлаштирилган кредит сўндирилмаган.

Мурожаат ўрганилиши натижасида 2021 йил 10 апрелда сотувчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган 36-сонли шартномага асосан етказилиши керак бўлган жами 5 дона телевизор, 1 дона чангютгич (24 миллион сўмлик товар)ни етказиб бериш тартиби жавобгар (хизмат кўрсатувчи МЧЖ) томонидан қўпол равишда бузилгани аниқланди.

Тегишли ҳужжатлар ва ўрганишда аниқланган ҳолатларга асосланиб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан судга даъво аризаси киритилди. 

2023 йил 3 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди ҳал қилув қарорини чиқарди. Унга кўра, жавобгар – “Техно Шиваки Навоий” МЧЖдан фуқаро С.Очиловнинг фойдасига шартнома бўйича 24 миллион сўмлик товарларни, шунингдек, маънавий зарар учун 1 миллион сўм товон пули, давлат фойдасига эса 1 миллион 560 минг сўм миқдорида давлат божи ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.