Давлатимиз раҳбарининг ушбу эзгу мақсадлари,  аввало, “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги 2017 йил 18 апрелда қабул қилинган қарорида жам бўлди. 2020 йилнинг 20 май куни эса Президентимиз янги барпо этилган Адиблар хиёбонини очиб берган эди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган “Адиблар хиёбони” китоб-альбомининг куни кеча бўлиб ўтган тақдимот маросимида ана шундай эзгу мақсадларнинг амалга оширилиши, ушбу хиёбоннинг бунёд бўлиши ва унинг жамиятимиз, маънавиятимиз, адабиётимиз ривожида тутган ўрнига эътибор қаратилди. Тақдимотда жам бўлган давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар, талабалар бадиий адабиётнинг инсоният тафаккури, маънавий-маърифий дунёсидаги юксак ўрнига,  Адиблар хиёбони эса унинг рамзий остонаси эканига яна бир карра гувоҳ бўлишди.

– Мазкур адабиёт гулшанида жам бўлган улуғ алломалар ўз асарлари ва ибратли фаолияти билан аллақачон ўзларига ҳайкал ўрнатиб кетган, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эзгу ғоя Адиблар хиёбонида ўзининг юксак маънавий-бадиий ифодасини топди. Бу халқ – буюк халқ, бу тарих – буюк тарих, бу адабиёт – буюк адабиёт. Сиз уни ўрганинг ва чуқур ўзлаштириб олинг, юрак-юрагингизга жойлаштиринг, ана ўшанда сиз ҳам халқимиз ва мамлакатимизнинг буюк келажагига муносиб ҳисса қўшадиган шахс бўлиб етишасиз, деган сўзлар, буюк ва бетакрор тимсоллар билан жонли тилда гапириб турибди.

Ўтган вақт мобайнида ҳудудда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди. Ҳазрат Навоий бобомизнинг муҳташам ҳайкали атрофида 20 дан зиёд атоқли шоир ва адиб ҳайкаллари яхлит меъморий ва бадиий композицияда, мантиқий ечим асосида жойлаштирилди. Шу ерда Ёзувчилар уюшмаси учун бино барпо этилгани ҳам ҳамоҳанглик касб этди.

 – Адиблар хиёбонининг айнан Миллий боғда барпо этилишида улкан рамзий маъно бор, назаримда, – дейди филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов. – Чунки адабиёт миллат руҳини акс эттиради. Ёш авлод қалби, шуурида Ватан ва миллатга муҳаббат туйғусини тарбиялашга хизмат қилади. Адиблар хиёбонида қардош қароқалпоқ шоири Бердақ, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергга ҳам ҳайкаллар ўрнатилгани эса ўзбек халқи адабиётда ҳам ниҳоятда бағрикенг эканини яна бир бор намоён этади.

Китоб-альбомда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 май куни Адиблар хиёбонига қилган ташрифидан лавҳалар, тегишли қарорлар, хиёбонни тўлиқ акс эттирувчи суратлар билан танишасиз. Унда ўтказилган тадбирлардан лавҳалар, ҳайкаллари ўрнатилган адибларнинг ижодига оид маълумотлар, адиблар ҳақида ўзбек ва дунё адабиёти намоёндаларининг эътирофлари ҳамда шеърлари, замонамиз ижодкорларининг мамлакатимизда олиб борилаётган адабий ислоҳотлар ва хиёбон тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари ҳам мўъжазгина саҳифалардан жой олган.

– Адиблар хиёбонида ҳайкаллари бунёд этилган ҳар бир шоиру адиб ижодий меросини тарғиб этишнинг муайян олий таълим муассасасига бириктирилиши оқилона иш бўлди, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов. – Бунинг натижасида хиёбон чинакам маърифат масканига, олий ўқув юртлари профессор ўқитувчилари, талаба-ёшлар фаолиятининг ажралмас қисмига айланди. Бевосита хиёбоннинг ўзида адабий-маърифий мулоқотлар, маънавият дарслари ўтказиш хайрли анъана тусини олди.

Мазкур тақдимотда шунингдек, Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган адиблар ва шоирларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этишди.

– Устоз адиблар қаторида Ўзбекистон халқ шоири, умр йўлдошим Муҳаммад Юсуф ҳайкалининг қад ростлаши оиламизга мислсиз қувонч бахш этди, – деди шоира, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Назира Саломова. – Фарзандларим кўнглини кўтариб, ифтихорлик бахш этди. Бундай эътибор ва эҳтиром учун Президентимиздан, Ёзувчилар уюшмасидан чексиз  миннатдорман. Икки ҳайкалтарош – Оллоберган Оллоберганов ва Жамолиддин Қўзибоевнинг ишларидан битта мажмуа яратилди. Бу жараёнда иштирок этганимдан, менинг ҳам фикрларим инобатга олинганидан ниҳоятда қувондим.

Тадбирда альбомни тайёрлаш жараёнида ЎзА, “Ўзархив” агентлиги, “Ёшлик” журнали, Миллий кутубхона ва бошқа ижодий-маърифий ташкилотларда сақланаётган ҳужжат, фото материллардан фойдаланилганлиги айтиб ўтилди. Энг муҳими, бу альбомни қўлга олган ҳар бир киши Адиблар хиёбонининг яратилиш тарихидан бохабар бўлиш билан бирга, улуғ аждодларимизнинг ҳаётбахш ғояларидан баҳраманд бўлиши ва қалбида миллий ғурур, ўзликни англашида муносиб аҳамиятга эгалиги билан аҳамиятли.

Устоз адибларимиз таъкидлаганларидек, бу шунчаки боғ ёхуд хиёбонгина эмас, жуда пухта ўйланган, эртанги кун, келажак учун қўйилган мустаҳкам бир маънавий пойдевордир. Ўзбекистон адабиёти ҳақида тасаввурларимизни янада  тўлдирадиган, бойитадиган  очиқ осмон остидаги музейдир.  

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири