Европа ва Лотин Америкасидан келган экспертлар тўлиқ тақиқ ўрнига назорат, сертификатлаш ва ёшга оид чекловларга таянаётган давлатлар тажрибасини тақдим этди.
Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида «Никотин альтернативаларини тартибга солишнинг долзарблиги: жамоат саломатлиги ва иқтисодиёт манфаатлари мувозанати» мавзусида халқаро экспертлар давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирни «Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази» ННТ ташкил этди. Муҳокамада давлат органлари вакиллари, иқтисодчилар, шифокорлар, халқаро экспертлар, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Қатнашчилар асосий эътиборни электрон сигареталар, вейплар ва никотин паучларига нисбатан тақиқ сиёсати оқибатлари, шунингдек чекловлар жорий этилганидан кейин ноқонуний бозорнинг ўсишига қаратди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, бундай маҳсулотларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар сони ортиб бормоқда.
Қонун кучга киргунга қадар божхона органлари 31 та ноқонуний ҳолатни аниқлаб, улар доирасида 4374 дона маҳсулот мусодара қилинган. Чекловлар жорий этилгандан сўнг эса бундай ҳолатлар сони уч баравардан кўпроққа ошди — 95 та ҳолат қайд этилди ва 11 мингдан ортиқ маҳсулот аниқланди.
Бунда динамика янада тезлашмоқда. Агар жорий йил январь ойида 10 та ҳолат аниқланган бўлса, февралда 20 та, мартда 27 та, апрелда 49 та ва май ойининг илк икки ҳафтасидаёқ 28 та ҳолат қайд этилган.
Давра суҳбати иштирокчилари бундай статистика талабнинг камайганини эмас, балки бозорнинг босқичма-босқич ноқонуний секторга ўтаётганини кўрсатишини таъкидлади.
We Are Innovation халқаро ташкилоти директори Федерико Фернандес Ўзбекистон бугун бир вақтнинг ўзида никотинга қарамликнинг бир нечта шакллари билан тўқнаш келаётганини қайд этди.
«Мамлакатда миллионлаб анъанавий чекишчилардан ташқари, тартибга солинмаган ва кўпинча хавфли қўшимчаларни ўз ичига олган насвай кенг тарқалган. Бу жамоат саломатлиги тизимига қўшимча юк туширади», — деди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда кўплаб давлатлар тўлиқ тақиқ моделидан воз кечиб, назоратга асосланган тартибга солиш тизимига ўтмоқда.
Жумладан, Саудия Арабистонида никотин паучлари рухсат этилган ва бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолият юритади. Шу билан бирга, давлат бундай маҳсулотларнинг аҳоли саломатлигига таъсирини ўрганмоқда.
БААда шаффоф тартибга солиш тизими амал қилади: маҳсулотлар сертификатдан ўтказилади, бозор назорат қилинади ва вояга етмаганларга сотиш тақиқланган.
Илгари никотин альтернативаларига тўлиқ тақиқ амал қилган Баҳрайн ҳозир ўз ёндашувини қайта кўриб чиқмоқда. 2024 йилда мамлакат Британия стандартларини жорий этишни бошлади ва никотин паучларини импорт қилишга талаблар белгилади.
Фернандес алоҳида равишда Греция тажрибасини ҳам қайд этди.
«Греция назоратга таянади: маҳсулотларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш, ёш чекловлари ва доимий ахборот кампаниялари. Халқаро амалиёт кўрсатадики, кўп ҳолларда тартибга солиш тўлиқ тақиқдан кўра самаралироқ ишлайди», — деди Фернандес.
Британиянинг Quit Like Sweden ташкилоти асосчиси ва раҳбари Суэли Кастро Швециянинг чекишга қарши кураш модели ҳақида гапирди.
Бугунги кунда Швеция дунёда сигарета истеъмоли энг паст бўлган давлатлардан бири ҳисобланади — ҳар куни чекувчилар улуши тахминан 3,7% ни ташкил этади.
«Швеция зарарни камайтириш йўлини танлади. Мантиқ оддий: автомобиллар тақиқланмайди — хавфсизлик камарлари жорий этилади. Мопедлар тақиқланмайди — шлем талаб қилинади. Худди шундай ёндашув никотин альтернативаларига ҳам қўлланилади», — деди Кастро.
Кастронинг таъкидлашича, жамоат саломатлиги масалалари фақат тақиқларга эмас, балки илмий маълумотлар ва халқаро тажрибага асосланган қарорларни талаб қилади. Давра суҳбати давомида иштирокчилар контрабанда хавфлари, ноқонуний бозорда сифат назоратининг йўқлиги, давлат иқтисодий йўқотишлари ва ўсмирларнинг ноқонуний маҳсулотларга кириш имконияти муаммоларини ҳам муҳокама қилди.
Экспертлар таъкидлашича, бозор «соя»га ўтганидан сўнг ёшни назорат қилиш механизмлари амалда ишламайди, чунки ноқонуний сотувчилар харидор ёшини текширмайди ва маҳсулот сифати учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди.
Учрашув якунларига кўра, иштирокчилар никотин маҳсулотларини тартибга солиш масалаларини халқаро тажриба, иқтисодий омиллар ва жамоат саломатлиги вазифаларини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олди.
Тошкентда долзарб масалада давра суҳбати бўлиб ўтди
Никотин маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси ўсиши, тақиқловчи чораларнинг самарадорлиги ва зарарни камайтиришга қаратилган халқаро ёндашувлар Тошкентда бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатининг асосий мавзуларига айланди.
Ўзбекистон Президенти Озарбайжон билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади
- Ёқилғи-энергетика соҳасидаги мурожаатлар таҳлил қилинди
- Ўзбекистон венчур инвестициялар ўсиши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади
- Маданият ва санъат соҳасидаги устувор лойиҳалар тақдимот қилинди
- Тошкент шаҳрида қалбаки пулларни сотган шахслар ушланди
- Конго Демократик Республикасида фанга номаълум бўлган янги маймун тури кашф этилди
Илгиз Танташев Парагвай — Франция ўйини бошқаради
- Ёшларга давлат мукофотлари топширилди
- Тбилисида Алишер Навоий ҳайкали очилди
- Профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
- Ўзбекистон Президенти Грузияга келди
- Президентимиз ёшлар билан учрашиб, янги ташаббусларни илгари сурди