Aйниқса, Президентимиз вилоятларга ташрифлари давомида ҳудуддаги Саховат ва меҳрибонлик уйларига бориб, уларнининг ҳолидан хабар олиб, ўй-фикрлари билан қизиқмоқда, яратилган шарт-шароитлар билан танишмоқда. Нуроний отахон-онахонлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларнинг мулоҳазаларини тинглаб, уларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда қонунчиликка ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йил давомида ўтказилган “Маънавият фестивали” доирасида ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун “Болаларга маърифат улашиб”, “Маърифат тур”, “Бахтли болалик” лойиҳалари амалга оширилди. Ватанга садоқат, меҳр-оқибат, масъулият, бағрикенглик, меҳнацеварлик каби эзгу фазилатлар билан камол топтириш мақсадида “Зукко Болажон” фотоалбоми тайёрланиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Хабарингиз бор, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида олимлар, зиёлилар иштирокида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида инсонийлик қадриятлари, меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Инсон қадри” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа давомида мамлакатимизда жойлашган меҳрибонлик ва мурувват уйлари тарбияланувчилари ҳамда саховат уйларида истиқомат қилаётган нуронийлар учун маданий, маънавий-маърифий тадбир ўтказиш, уларнинг кўнглини кўтариш мақсад қилинди. Мазкур лойиҳа жорий йил давомида ҳудудларида анъанавий тарзда ўтказиб борилади.
Aна шу лойиҳа доирасида Рамазон — меҳр-мурувват, саховат ойи муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Тошкент шаҳридаги A.П.Хлебушкина номидаги 22-сонли меҳрибонлик уйида “Меҳр-саховат” аксияси ташкил этилди. “Инсон қалбига йўл меҳр-мурувватдан, саховатдан бошланади” деб номланган тадбирда бир гуруҳ “Марифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари, таниқли олимлар, зиёлилар, маданият, адабиёт ва санъат намоёндалари, турли касб эгалари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар меҳр-оқибат, мурувват тушунчалари асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келганини, онгимиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодаси эканлигини айтишди. Тадбир Моҳи Рамазон ойида ташкил этилганида ҳам ўзига хос маъно борлигини, бу эзгу ишларнинг дебочаси бўлишига ишонишларини маълум қилди.
“Меҳр ва саховат” аксияси доирасида меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳаётда керак бўладиган касб-ҳунарларни ўргатиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, шу мақсадда болаларнинг қизиқишига қараб турли тўгаракларни очиш белгиланган. Тадбир давомида Мирзоид Султонов, Жаҳонгир Қодиров, Aбдусаид Каримовлар сартарошликка қизиқиши бўлган ёшларга касб сирларини белгиланган тартибда ўргатишга келишиб олишди. Шунингдек, тўқувчилик, қандолатчилик йўналишларида ҳам гуруҳлар шакллантирилди.
Оила ва болалар психологи Шоира Исакова меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан самимий суҳбатлашиб, психологик тренинг ўтказди. Тренинг давомида болалар ҳаётда ўз ўрнини топишларида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, иқтидорини юзага чиқаришда атрофдаги инсонларнинг ўрни ҳақида тўхталиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди. Жамила Шермуҳаммедова ўзининг ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ўғил-қизлар кўнглини кўтарди.
“Рангларда олам акси” деб номланган қисмда Ўзбекистон ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Хусан Содиқов болаларга ранглардан тўғри фойдаланиш, расм чизиш жараёнида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг “Ғафур Ғулом” нашриёти билан ҳамкорликда болаларга китоб жамланмалари совға қилинди.
Тадбир давомида болаларга қувонч улашиш мақсадида ширинликлар улашилди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари бўлган артистлар Замира Суюнова, Шоҳида Исмоилова, Aлишер Рўзметов, Aвазбек Шомуродовлар ижросидаги куй-қўшиқлар, этюд, машҳур асарлардан парчалар болаларнинг қувончига сабаб бўлди.
“Меҳр-саховат” аксиясида фаол иштирок этган барча болажонларга совғалар улашилди.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири