Гузардаги қариялар гурунгидан:
“эшитдиларингми...Турғунбой раҳматлининг ўғли ва набиралари ўзига тортибди-да...кеча янги кўчадан ўтаётиб, хурсандлигимдан кўзимга ёш келди. Худди замонавий шаҳарлардагидай ҳар бир симёғочда янги чироқлар, йўллар равон, хонадонлардан файз ёғилади-я. Кўча бошидаги ёшлар спорт майдончасига “Хотира турнирига марҳамат” деб ёзиб қўйишибди.
Бир пайтлар шу кўчаларга ўз ҳисобидан асфальт ётқизиб, кўпнинг дуосини олган, одамларнинг тўй маракаларига катта-кичик эҳсонлар қилиб ҳамманинг ҳожатини чиқариб юрадиган Турғунбой оғайнимизнинг ўғли ва неваралари оталари ишини давом эттираётганидан таъсирландим. Неварам эртага футболга бораман, яхши совринлар қўйилган, деб қувонганини айтмайсизми...”.
Мана, яхши хабарнинг қаноти бор-да. Бугун эрта тонгдан маҳалла жарчилари ҳаммани ёшлар стадионида ўтадиган хотира турнири ва эҳсон ошига таклиф қилиб чиқишди.
Барзанги маҳалласи қадимдан кураги ерга тегмайдиган паҳлавонлар, курашчи полвонлар юрти бўлганини Жасурбек бобоси Турғун Мирзаевдан кўп маротаба эшитганди. Асли касби ҳайдовчи бўлган отахон ўғил-қизларини ҳунарли ва илмли қилиб тарбиялади. Набираларига эса эл-юртга қайишиб яшашдан катта саодат йўқлигини уқтириб вояга етказди.
Айни кунда Барзанги маҳалласидаги Мирзаевлар хонадонида тарбия топган фарзанд ва набиралар оталари изидан бориб, Бири педогог, бири ижодкор, бири тадбиркор, яна бири маҳалла ва оила, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият кўрсатаётган оға-инилар оталари сингари юрт хизматига “лаббай” деб жавоб бермоқдалар.
Турғунбой ота билан Насибахон аянинг маслаҳатларига қулоқ солиб, ҳар бир ишни ҳамжиҳатликда бажаришга ўрганиб қолган фарзандлари бир яхши ниятни дилларига тугиб қўйгандилар. Бугун ўша ният кўпчиликнинг хурсандчилигига сабаб бўлди.
Эрта тонгдан маҳалладаги спорт майдончаси ўсмир ёшлар билан тўлди.
Тадбир ташкилотчилари Раҳмонали, Тўлқинжон ва Жасурбек Мирзаевлар томонидан “ТУРҒУНБОЙ МИРЗАЕВ ХОТИРАсига бағишланган спорт мусобақаси байрамона старт олди. Шу кичик маҳалла стадионида ҳар якшанба кунлари беллашиб турадиган ёш футболчилар майдон узра соғлом рақобатга киришдилар. Тераклар соясига тузаб қўйилган байрам дастурхонига маҳалла фаоллари, туман фахрийлари, қўшни маҳаллаларнинг спорт ихлосмандлари ҳам таклиф этилдилар. Спортчи болаларнинг қуй ва қўшиқ оҳангига қўшилиб кетган қийқириқлари бутун маҳалла бўйлаб таралди.Ёшлар яйраб дам олдилар. Қариялар дуога қўл очиб, маҳалладошлари хурсандчилигига сабабчи бўлган спорт хомийларига узоқ умр тиладилар.
Ўтганларнинг эзгу ишлари хотирланиб, улардан қолган яхши ибрат ёшларга ўрнак қилиб кўрсатилди. Тадбир сўнгида спортчи гуруҳларга “ТУРҒУНБОЙ МИРЗАЕВ ХОТИРА ТУРНИРИ” ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди. Маҳаллада яшаб ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири