Ушбу хусусият туфайли ўзбек ва туркман элларининг анъанавий достончилиги бир-бирини мазмунан ва моҳиятан тўлдириб туради. “Гўрўғли”, “Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳро”, “Сайёдхон ва Ҳамро” каби достонлар тингловчиларнинг талабига биноан гоҳ ўзбек, гоҳ туркман тилларида куйланган.  Катта сайил, тўйларда икки қардош оқинлари галма-гал сўз айтишиб, даврага қўр киритишган.

Туркман мумтоз адабиётининг асосчиси Махтумқули шеърияти эса, ўзбек ўқувчиларининг қалб мулкига айланган. Ҳофизларимиз томонидан ҳар бир шеъри куйга солиниб, ижро этилган. Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов, Шерали Жўраев каби эл севган санъаткорлар ёниб-жўшиб куйлашган.   Махтумқули ижодида исломий мавзуларни ҳам, сўфиёна руҳни-ю халқона оҳангларни, мумтоз адабиёт таъсирини ҳам кўрамиз. Инсон қавми борки, уларга қарата шоир, ўз элинг назарида бўл ишораси билан кўнгил водийсига ҳайрат ёғдусини инъом этади.

Кел, кўнгил, мен сенга ўгит берайин,

Йироқ қилма кўрар кўзинг — элингни.

Қимматин кетказма, ўрнида сўзла,

Раво кўрма ҳар нокасга тилингни.

Ўзликни англаш фалсафаси шоир ижодининг юксак чўққиси бўлиб гавдаланади ва   эзгулик, биродарлик яловини баланд кўтаради.

ХХ асрда ҳам ўзбек-туркман адабий дўстлиги янада мустаҳкамланди. Қилич Қулиев, Хидир Деряев, Берди Кербобоев ва бошқа туркман адибларининг асарлари ўзбек китобхонлари жавонидан чуқур жой олган.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида яна бир хайрли ишга қўл урилди.

Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига “Сен баҳорни соғинмадингми?” сайланмаси туркман тилида чоп этилиши азалий дўстлик пойдевори сифатида бўй кўрсатди.  Ушбу китобни чоп этишда Республика туркман миллий-маданий маркази Қашқадарё вилояти бўлими алоҳида ташаббус кўрсатди.

Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида “Сен баҳорни соғинмадингми?” номли шеърий тўпламнинг туркман тилидаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Даставвал меҳмонлар шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, сўнг Абдулла Орипов музейида бўлишди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги, биродарлиги, миллий қадриятлари яқинлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

— Устоз шоирнинг шеърларини туркман тилига ўгириш азалий орзуим эди, — деди таржимон Жумадурди Акиев. — Аввало, Туркманистондаги нуфузли газета-журналларда буюк ижодкорнинг кўплаб шеърлари эълон қилинишига муваффақ бўлдим. Ўзбекистон фарзандиман. Ўзбек тилини яхши билганим бу борада қўл келди. Албатта,  бу ташаббус ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Устоз Абдулла Орипов билан бир неча бор учрашиб, таржима нусхаларини кўрсатиб, фикрини олганман. Улуғ шоирнинг шеърларини ўгириш учун ҳам юксак бадиий маҳорат зарурлигини англайман. Тўғриси, таржима билан қарийб эллик йилдан бери шуғулланиб келаман. Шоирнинг хонадонида кўп бор бўлиб, устоз билан суҳбатлар қилганман. Узоқ йиллик меҳнатлардан сўнг унинг шеърларини китоб ҳолида чоп этишга журъат қилдим. Китоб чоп этилишида вилоят ҳокимлиги ҳомийлик кўмагини аямади.

Тадбирда Республика туркман миллий маданий маркази раиси ўринбосари Гулдана Абездурдиева, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси етакчи мутахассиси Ирода Неъматуллаева,    Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафоева, қизи Шоира Орипова, филология фанлари доктори, профессор  Илҳом Ғаниев   буюк шоирнинг китоби туркман тилида чоп этилиши унинг юбилейига муносиб туҳфа бўлганини таъкидлади. Таржимонга Туркманистоннинг  Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

— Ўзбек ва туркман элининг тўйи бир, урф-одатлари жуда ўхшаш, — дейди Республика туркман миллий маданият маркази вилоят бўлими раҳбари Умрзоқ Қувватов. — Санъаткорман. Абдулла аканинг кўп шеърлари асосида қўшиқлар ижро этиб келаман. Маънолар маҳзани қалбимда гул бўлиб очилади. Бу хайрли ишга қўл урганимдан беҳад хурсандман.

Тадбирда Қарши давлат университетида таҳсил олаётган туркман талабалари ва ижод мактаби ўқувчиларининг бадиий чиқишлари, куй-қўшиқлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Китобга сўзбоши ёзган филология фанлари доктори, профессор Каримбой Курамбаев мазкур китоб тақдимоти Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бўлган юксак эҳтиром ифодаси эканига алоҳида урғу берди. Мутаржимнинг бу борадаги саъй-ҳаракати, изланиши таржимадаги ҳар бир шеърда муносиб ифодасини топганини мамнуният билан қайд этди.

            Ўроз ҲАЙДАР,

Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари