Бухоро вилоятида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан вилоятда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд, кам таъминланган, оғир шароитга тушган оилалардаги бемор болаларга консультатив ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида навбатдаги “Эзгулик манзили” хайрия акцияси бошланди. Бу акцияга Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг тажрибали мутахассислари жамоаси ташриф буюришган.

Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган мазкур акциядан кўзланган асосий мақсад жамғарманинг тиббий дастурларига асосан оғир ташҳисли бемор болаларни даволаш, бепул дори-дармон воситалари билан таъминлаш, уларнинг саломатлигини мунтазам тиклаш, операция йўли билан даволанишга муҳтож бўлган бемор болаларда мураккаб операция амалиётларини ўтказишдир.

Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан бу каби акциялар республикамиз бўйлаб мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Шу кунгача, худди шу каби 100 нафар болани операция қилиш, уларни реабилитация қилиш чора-тадбирлари уюшган тарзда юртимиз ва хорижлик шифокорлар иштирокида амалга оширилди.

Акция доирасида 200 дан ортиқ бемор болалар ва уларнинг ота-оналари ташриф буюрди. Уларга юқори малакали мутахассислар томонидан пластик хирургия, ортопедия, травматология, офтальмология, отоларингология, кардиохирургия йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган тиббий текширув ва маслаҳатлар берилди. Шифокорларнинг тавсия ва хулосалари асосида айрим болаларга шу ернинг ўзида операция амалиётлари ўтказиладиган бўлди. Қолган болаларда эса бу жараёнлар босқичма-босқич амалга оширилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари эса бу мурувват ёрдамидан мамнун.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Жамоат фонди фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ўтган давр мобайнида республикамизнинг кўпгина ҳудудларидан тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болажонларга хайрия ёрдами, операция харажатлари тўлиқ қоплаб берилди. Бухорода ўтказилаётган акция доирасида ҳам Жамоат фонди томонидан нафақат болаларни операция қилиш, балки уларни соғломлаштириш, зарур дори воситалари билан таъминлаш каби харажатлар ҳам тўлиқ қоплаб берилмоқда.

Эътирофлиси, Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан нафақат юртимиз, балки хорижий клиникалар билан ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Бу келишув доирасида ҳам қатор ижтимоий-тиббий лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Албатта, бу каби ижтимоий акцияларнинг доимий равишда ўтказилаётганлиги бемор болаларни даволаш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш йўлидаги эзгу амаллардан бири ҳисобланади.

Мазкур акция 21 майга қадар давом этади.