Кези келганда айрим истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда, қўшни мамлакатларда ҳам ҳимоя қилишга тўғри келади. Шундай ҳолатларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги қўл келади.
Федерация 2018 йилдан буён Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзоси. Бир қанча давлатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари билан меморандумлар имзолаган.
Куни кеча Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ва Қозоғистон истеъмолчилар миллий лигаси раҳбари Светлана Романовская телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида ташкилотлар раҳбарлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтди. Ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Икки давлатнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида келишилган режалар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган йирик лойиҳалар ҳақида фикр алмашилиб, келгуси режалар белгилаб олинди.
Мулоқотда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ва Қозоғистон истеъмолчилар миллий лигаси ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва истеъмолчиларнинг трансчегаравий шикоятларини кўриб чиқиш соҳасида ҳамкорлик масалалари, туризм соҳасида икки давлат фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, сайёҳларни тўлақонли ахборот билан таъминлаш, уларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат асносида бутун жаҳонда глобал масалага айланаётган истеъмолчилар ҳуқуқларини кафолатлаш учун икки томонлама ҳамкорлик камлик қилишини инобатга олиб, минтақада истеъмолчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган ташкилот тузиш ғояси илгари сурилди. Истеъмолчилар миллий лигаси ва федерация ташаббуси билан Марказий Осиё истеъмолчилар ташкилотини тузиш ва бу орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни кучайтириш мақсад қилинди. Зотан бирлашиб, дўстлик ва ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали кўплаб ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш мумкин.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
федерацияси ахборот хизмати