Муборак Рамазон ойининг фазилатли кунларида меҳр, мурувват кўрсатиш амаллари янада қулоч ёймоқда, ташаббуслар қўллаб-қувватланяпти. Шу муносабат билан жойларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, якка-ёлғиз, ногиронлиги бўлган оилалар хабар олиниб, манзилли ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Эзгу амалларга бой тадбир Қўқон шаҳаридаги маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам давом этмоқда. “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Наврўз» тўйхонасида нуроний отахон ва онахонлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун ифторлик дастурхони ёзилиб, кўнгил сўралди, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.
Маҳалла фаоллари, саховатпеша кишилар Мовароуннаҳр кўчасида истиқомат қилаётган Гўзалхон Носирова хонадонида бўлди. Оила бекаси болаликдан ногирон фарзанди тарбияси билан банд. Муборак кунларда йўқлаб келган фаоллар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қўқон шаҳар бўлинмаси ҳузуридаги “Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатди.
Фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Гулнорахон Дўстматова “Аёллар дафтари”да туради. Меҳр-мурувват тадбирларида бу оилага 2,1 млн. сўм моддий кўмак берилди.
–Муборак ой шарофати билан бизни йўқлаб, моддий ва маънавий ёрдам бериб келаётган саховатпеша кишилардан миннатдорман,–дейди «Ўмонбоғ» маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Наргиза Дўсматова. –Ногирон фарзандим тарбияси билан бўлиб, бироз қийналиб қолдим. Шу фарзандим учун ётоқхона жиҳозлари сўрабгандим. Мурожаатим “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланди, керакли жиҳозлар ва фарзандимни даволашга моддий ёрдам ажратилди.
Эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойи барча маҳалла фуқаролар йиғинларида кўтаринкилик, ҳамжиҳатликда ўтмоқда. Шу кунга қадар, ”Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан вилоятдаги 1062 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги муборак ой саховат тадбирлари учун 9 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.
Расулжон Камолов,
“Янги Ўзбекистон» мухбири.