- Урушнинг номи ўчсин. Кўзимни юмсам, жанг манзаралари хаёлимга келаверади. Э, у қирғинбаротни душманимга ҳам раво кўрмайман. Ёшим 96 да, 1942 йилда 18 ёшга тўлиб-тўлмай, қурол кўтариб, Ватан ҳимоясига отланганман. Ворошиловградда, Севастополда уруш даҳшатига гувоҳ бўлганман ва ўқчи-миномётчи сифатида курашда қатнашганман. «Бегуноҳ одамларда нима айб?» дея кўп ўйлардим. Ўзимизга қарашли аллақанча одамларни қутқарганман. 1943 йили душман минаси портлаши оқибатида оёғим жароҳатланди, саккиз жойимга ўқ тегиб, жиддий яраландим. Тупроқ остидан чиқиб, оғир аҳволда базўр юриб бораётганимда бегона диёрдаги бир кампир мени уйига олиб кетиб анча парваришлади, узоқ вақт госпиталда ҳам даволанганман.

Оёққа турганимдан сўнг Наманган шаҳрига қайтдим. Ҳозирги шу уйлар ёнида катта боғ яратдим, устачилик қилдим. Қурилиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида кўп йиллар тинмай ишладим. Урушдан кейинги даврлар ҳам машаққатли кечди. Тирикчилик учун қўлимдан нима келса бажаравердим. Яхшига ҳам, ёмонга ҳам эзгулик улашавердим, кўмак қўлини чўзавердим... Ўша машъум кунларни эсласам, бугунги тинч, дориломон кунларнинг қадрига етиш зарурлигини атрофдагиларга айтишдан чарчамайман. Урушни биз кўрдик, сизлар кўрманглар, болаларим.

Аллоҳга шукурки, матонату қаҳрамонликларимизни, меҳнатларимизни юртимиз, халқимиз муносиб қадрлаяпти. Очиғи, мен ёруғ ҳаётни мустақиллик йилларида кўрдим. Ҳурматимизни жойига қўйишяпти. Уруш фахрийси сифатида доимо йўқлашади, саломатлигимдан хабар олишади, ёрдамлашишади. Яқинда уйимизни ҳам таъмирлаб беришди.

2017 йилда муҳтарам Юртбошимиз шарофати билан имтиёз асосида муборак Ҳаж амалларини бажариш насиб этди. Давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонига кўра, ҳар йили бизга юксак эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. 9 май - Хотира ва қадрлаш куни арафасида вилоятимиз ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов хонадонимизга ташриф буюриб,12 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ва озиқ-овқат маҳсулотлари ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини байрамона топширди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг самимий ва қизғин табригини ўқиб эшиттирганида кўнлим тоғдек ўсди. Шундай кунларга етказганига шукурлар бўлсин. Мана, юз ёшга яқинлашяпман, тўққиз нафар фарзандим, 20 нафардан ортиқ набира, 50 дан зиёд эвара ва чевара даврасида давру даврон сурмоқдаман. Алоҳида эъзоз ва меҳр-эътибор эса умримга умр қўшмоқда. Республика ва вилоятимиз раҳбариятидан беҳад миннатдорман. Тилимда доимо шу дуо айланади: «Хотиржамлигимизга, мусаффо осмонимизга кўз тегмасин, Президентимиз омон бўлсин!»

«Янги Ўзбекистон» мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.