Биз устозларни улуғлаган элмиз. Мен Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг энг чекка қишлоғида истиқомат қилаётган 6-сонли мактабнинг қозоқ тили ва адабиёти ўқитувчиси устозим Исбосканов Ринат ҳақида сўз юритмоқчиман. У касбдошлари ва шогирдлари қалбига йўл топа олган етук мутахассис, келажак авлод эртасини ўйлаган фидойи инсон.
Машаққатли ва мазмунли фаолияти давомида муаллим кўплаб иқтидорли шогирдлар тайёрлади. Шулардан бири Нурбиби Амонқосова 2015 йили ўқувчилар ўртасида ўтказилган қозоқ тили ва адабиёти фанидан ўтказилган фан олимпиадасининг туман босқичида I ўринни, Республика босқичида II ўринни эгаллади. 2016 йили шогирди Алмағанбетова Санбуғаш она тили ва адабиёт фанидан ўтказилган фан олимпиадасининг туман ҳамда республика босқичларида фахрли 1 ўринга сазовор бўлди ва Навоий вилоятида ўтказилган Республика финал босқичида кучли 10 лик қаторидан жой эгаллаб, мактабни “Олтин медал” билан тамомлади. Айни пайтда ушбу шогирдлар Олий ўқув юрти талабалари.
Бу ютуқлар устозимнинг теран билими ва тажрибасининг натижасидир. Устознинг меҳнатлари юқори баҳоланиб “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди. Бугун мен шундай устозлари билан биргаликда, ўзим таҳсил олган мактабда ёнма-ён фаолият юритаётганимдан фахрланаман.