Афсуски, муаллифлик ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа докторлари (PhD) томонидан содир этилаётгани ҳам кузатилмоқда. Шундай ҳолат бўйича Aдлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Aдлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессори, педагогика фанлари доктори Т.Усманходжаев ва Жиззах давлат педагогика институти профессори Х.Мелиевлар муаллифлигидаги “Мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия”, “Миллий ва ҳаракатли ўйинлар” асарларидан муаллифлар рухсатисиз ноқонуний тарзда фойдаланилганлиги юзасидан қонуний чора кўриш тўғрисидаги мурожаат кўриб чиқилди.

Мурожаатни кўриб чиқиш давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Жисмоний тарбия ва спорт фани катта ўқитувчиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Б.М. ва Чирчиқ шаҳар давлат педагогика институти Мактабгача таълим кафедраси мудири доценти A.A. томонидан Т.Усманходжаев ва Х.Мелиевларга тегишли бўлган “Мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия”, “Миллий ва ҳаракатли ўйинлар” асарларидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда шартнома тузмасдан ноқонуний фойдалангани аниқланди.

Ҳолат юзасидан Б.М. ва A.A.ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177(1)-моддаси биринчи қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Сергели туман ва Чирчиқ шаҳар судларига юборилди.

Суд қарорларига кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177(1)-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун жарима жазоси тайинланди.