Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилган масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни муҳокама қилинди.

Қонунчилик жараёни ривожланишининг янги босқичи ва фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги фаолият юритишда ҳуқуқий, иқтисодий, бошқарув ва ташкилий асосларини юридик мустаҳкамлаш мақсадида «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилган.

Ушбу Қонун тасдиқланиши билан фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида муносабатлар тартибга солиниши таъкидланди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил якунлари ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари юзасидан Молия вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъулларининг ҳисоботи эшитилди.

Мажлисда Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш ҳамда Илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари ҳам муҳокама этилди.

Муҳокамаларда сенаторлар томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари кўригидан ўтиш жараёнлари соддалаштирилганлиги қайд этилди.

Шунингдек, миллий илм-фан ва инновация тизимини ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ўрнини ошириш, ҳудудларда инновацион фаолиятни ривожлантириш, мустақил тадқиқотчи ва профессор-ўқитувчиларнинг мақолалари нуфузига қараб моддий рағбатлантириш тизими яхшиланганлиги таъкидланди.

Сенаторлар томонидан олий таълим муассасалари ва илмий ташкилот раҳбарлари томонидан ҳар чоракда изланувчилар фаолиятини танқидий мониторинг қилиш, шунингдек олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.