Тупроқшунослик ва агрокимё илмий тадқиқот институтида тупроқ географик ахборот тизимлари (ГАТ) лабораторияси ишга тушди. У “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида ташкил этилди.
Лвборатория очилиш маросимида ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, институт директори Ш.Бобомуродов, профессор-ўқитувчилар, илмий ходим ва докторантлар иштирок этди.
Тақдимот ташкилотчилари ва мутахассислар йиғилиш иштирокчиларига янги лабораториянинг мақсад ва вазифалари, шу жумладан, унинг ишлаш принциплари ва афзалликлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Йиғилишдан сўнг барча иштирокчилар энг охирги замонавий технологиялар асосида жиҳозланган янги лаборатория имкониятлари билан танишди.
Институт директори янги ГАТ лабораторияси тупроқшунослик йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириб, ерларнинг деградация жараёнларини баҳолаш ва хариталаш, тупроқлар ҳолатини таҳлил қилишнинг самарадор ва тезкор ахборот тизимларини яратиш, тадқиқ этиладиган ҳудуд тўғрисида тез ва сифатли маълумот олиш, масофадан зондлаш маълумотларига ишлов бериш орқали кўп йиллик мониторинг ишларини олиб боришга доир илмий-тадқиқотларни амалга оширишда янги имкониятлар яратишини таъкидлаб ўтди.
Тақдимот якунида Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти вакиллари ФАОга институт фаолияти учун жуда катта имкониятлар эшигини очаётган янги тупроқ географик ахборот тизимлари (ГАТ) лабораторияси учун самимий миннатдорлик билдириб, келгусида ушбу тақдим этилган имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.