БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг "COVID-19 инқирозига жавобан картошкачилик тармоғиини реабилитация қилиш ва ривожлантириш" техник ҳамкорлик лойиҳасининг кириш семинари бўлиб ўтди. Умумий қиймати 195 минг доллар бўлган лойиҳа Ўзбекистонда 2021-2023 йилларда амалга оширилади.
Тадбирда ФАО, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Илмий-тадқиқот институтлари, ТошДАУ, ННТ, уюшмалар, хусусий сектор ва бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди. Қатнашчилар лойиҳанинг мазмун-моҳияти, мақсад ҳамда вазифалари ҳақида сўз юритди. Таъкидланишича, Марказий Осиёда картошка озиқ-овқат хавфсизлиги ва даромад олиш учун энг катта салоҳиятга эга асосий экинлардан бири бўлиб, аҳоли жон бошига 52,6 килограмм йиллик истеъмол билан “иккинчи нон” ҳисобланади.
— Лойиҳанинг асосий мақсади картошка ишлаб чиқариш соҳаси салоҳиятини оширишдан иборат, — дейди Ўзбекистондаги ФАО вакили ўринбосари Шерзод Умаров. — Бунга картошка навларини рўйхатга олиш ва уруғлигининг сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар йўналишини модернизациялашни такомиллаштириш, юқори сифатли картошка ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва тайёр маҳсулотларининг омборхоналарда сақлаш шароитларини яхшилаш орқали эришилади.
Ўзбекистонда картошкачилик соҳасининг салоҳиятини ошириш, янада юқори, барқарор ҳамда сифатли картошка ҳосилини олиш мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади ва коронавирус пандемиясининг қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини камайтиришга ҳисса қўшади. COVID-19 инқирозига жавобан картошкачилик секторини тиклаш ва ривожлантириш уруғларни сертификатлаш тизими, экинларни зараркунандалардан оқилона ҳимоя қилиш ва селекция тадқиқотлари соҳасида маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши илғор хорижий тажрибалар асосида барқарор картошка ишлаб чиқариш тизимини ривожлантиришга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида ўтказилиши режалаштирилаётган ўқув-семинарлар Ўзбекистонда картошкачилик секторини янада ривожлантириш мақсадида картошка етиштириш технологияларини такомиллаштириш, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишнинг янги усуллари бўйича фермерларга маслаҳат берадиган билим тарқатиш хизматлари ҳамда уруғчиликни сертификатлаш бўйича мутахассислар салоҳиятини ошириш имконини беради.
Лойиҳа гендер тенглиги масалаларини ҳам ўз ичига олган Инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув (Human Rights Based Approach, HRBA)га мувофиқ амалга оширилади. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожлантириш бўйича кун тартибининг асосий шиори ҳисобланган “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” шиори лойиҳанинг тамойили ҳисобланади.