Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган Балиқчилик илмий-тадқиқот институтида Халқаро кичик ҳажмли балиқчилик ва аквакультура йили доирасида “Ўзбекистон Республикасида кичик ҳажмли балиқчилик ва аквакультурани ривожлантириш истиқболлари” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Туркия Республикаси ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ФАО—Туркия ҳамкорлиги дастурининг бир қисми бўлган FISHCap (Марказий Осиё, Озарбайжон ва Туркияда балиқчилик хўжалиги ва аквакультурани барқарор бошқариш учун салоҳиятни ривожлантириш) лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, ушбу дастур давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2022 йилни Халқаро кичик ҳажмли балиқчилик ва аквакультура йили, деб эълон қилди. Ушбу ташаббус кичик ҳажмли балиқчилар ва кичик ҳажмли балиқчилик ишчиларининг озиқ-овқат хавфсизлиги, қашшоқликка барҳам бериш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланишга қўшган ҳиссасига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш, уларнинг муҳим роли тўғрисида хабардорликни ошириш ва соҳа вакилларининг қўллаб-қувватлашини кучайтириш мақсадида илгари сурилган.
— Халқаро кичик ҳажмли балиқчилик ва аквакультура йилининг нишонланиши фермерлар, балиқчилар ва соҳанинг бошқа вакилларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қўшаётган беқиёс ҳиссасининг эътирофи бўлди, — дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. — Ушбу ташаббус кичик ҳажмли балиқ етиштирувчилар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларнинг фикри барча даражаларда, жумладан, давлат сиёсатини шакллантириш ва соҳани ривожлантириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда ҳисобга олиниши муҳим аҳамиятга эга”.
Семинарда, шунингдек, Ўзбекистонда аквакультуранинг бугунги ҳолати, кичик ҳажмли балиқчилик ва аквакультурани ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, мамлакатимизда кичик ҳажмли балиқчилик ва аквакультура билан боғлиқ тадбирларни ривожлантириш ва амалга ошириш режалари муҳокама қилинди. Семинар иштирокчилари уй шароитида балиқ етиштиришнинг интенсив усуллари билан ҳам таништирилди, шунингдек, озуқа базаси, балиқ касалликларининг олдини олиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
— Кичик балиқчилик ва аквакултура сектори биргаликда глобал балиқ етиштиришнинг катта қисмини ишлаб чиқаради ва шу билан бирга тармоқ бандларининг 90 фоизини таъминлайди, — деди ФАОнинг балиқчилик ва аквакултура бўйича катта мутахассиси Хайдар Ферсой. — Сиёсатда, бошқарувда ва ривожланишда бу соҳага кўп эътибор берилмаган деган қарашлар мавжуд. Бироқ, сўнгги ўн йил ичида соҳага эътибор ва аҳамият ортиб бормоқда. ФАО томонидан 2014 йилда жорий этилган Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қашшоқликка барҳам бериш контекстида барқарор кичик ҳажмдаги балиқчиликни таъминлаш бўйича ФАО ихтиёрий кўрсатмалари ушбу соҳани муносиб эътироф этишдаги муҳим муваффақиятдир. Сектор янги ривожланиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ортиб бораётган муаммоларни енгиб ўтиш учун ўз позициясини эгаллаши керак.
Тадбир доирасида интенсив аквакультура соҳасидаги илмий ишланмалар ва ютуқлар кўргазмаси ташкил этилди. Сўнгра семинар иштирокчилари Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг таркибий бўлинмалари, жумладан, лаборатория мажмуаси, ФАО кўмагида ўрнатилган аквариум мажмуаси ва бошқа иншоотлар билан таништирилди.