Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурининг жорий йил I чоракдаги ижроси юзасидан қилинган ишларга бағишланган Матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Марказ раҳбарияти ҳамда республика ОАВ ходимлари иштирок этди.
Марказнинг 2022 йил I чорак мобайнида Давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилган тадбирлар ҳақида Марказ директори Шовосил Зиёдов батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Давлат дастурининг 267-бандига мувофиқ Марказга Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломалар асарларининг халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш вазифаси белгиланган бўлиб, мазкур банд ижроси бўйича жорий йилнинг 1-чораги мобайнида тизимли тарзда амалий тадбирлар ташкил этилиб келинмоқда.
Жумладан, айни пайтда Ўзбекистон халқаро Ислом академиясида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди. Ишчи гуруҳи томонидан таржима қилинадиган асарлар рўйхати ишлаб чиқилмоқда.
Шу вақтгача шаклланган рўйхатга асосан асарларнинг босқисма-босқич таржима ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Абд ибн Ҳумайд Кеший “Муснади Кеший” асарининг 1- ва 2-жилдлари ва Алоуддин Косонийнинг “Эътиқоди Косоний” асарлари нашрга тайёрланди.
“Муснади Кеший” асарининг 3-жилди, Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳлис сунна”, Абу Азабанинг “Равзатул баҳийя” асарлари таржимаси ва таҳрир ишлари ниҳоясига етказилди ва Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига соҳа мутахассисларидан хулоса ва тақриз олиш учун тақдим этилди.
Давлат дастурининг навбатдаги бандига кўра Марказ томонидан Имом Бухорий асарларида тараннум қилинган юксак обоб-аҳлоқ, илмга муҳаббат, Ватанга садоқат сингари эзгу умуминсоний қадриятларни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда дунёнинг Италия, Швейцария, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларида “Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати кўргазмаси”ни ташкил этиш белгиланган.
Жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган мазкур кўргазмага қизғин тайёргарлик ишлари доирасида Ташқи ишлар вазирлигига кўргазмани ўтказиш бўйича тузиладиган Ташкилий ишчи гуруҳига номзодлар тақдим қилинди. Ўз навбатида вазирлик томонидан ҳам мазкур тадбирни хорижий давлатларда ташкил этиш бўйича масъуллар бириктирилди.
Бундан ташқари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси юзасидан қатор амалий тадбирлар юзасидан ҳам батафсил маълумот берилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати