Туркманистонлик бир гуруҳ фаоллар мамлакатда COVID-19 қурбонлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган веб-сайт яратди ва аҳолига иложи борича кўпроқ маълумот беришга ҳаракат қилмоқда. Туркман фаоллари веб-сайтда мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони, уларнинг исмлари, ёшлари, манзиллари ва бошқа тафсилотлар бўйича норасмий статистик маълумотларни нашр этиб боради, дея хабар беради CentralAsia.
Янги сайт турли мамлакатларда, шу жумладан Туркманистонда истиқомат қилаётган туркман халқи томонидан яратилган мустақил лойиҳа ҳисобланади. Сайтда эълон қилинган маълумотларда Туркманистонда COVID-19 натижасида вафот этган 18 кишининг исми келтирилган. Веб-сайт яратувчиларининг сўзларига кўра, COVID-19 ТМ - бу кўнгилли ахборот портали бўлиб, у Туркманистонда коронавирусдан ўлганлар ҳақида расмий маълумот йўқлиги сабабли яратилган.
"Ушбу портал халқимизга тўлиқ, аниқ ва ўз вақтида маълумот олишни таъминлашга қаратилган", дейилади веб-сайт ташкилотчилари ўз баёнотида. Сайт яратувчилари, шунингдек, Туркманистонликларни ўзларининг ишларига ҳисса қўшишга ва COVID-19 инфекциясидан вафот этган одамлар тўғрисида маълумот алмашишга чақиради. Бунинг учун сайтда "Маълумот юбориш" ни таклиф қилувчи махсус ойна яратилган.
Шунингдек, хабар қилинишича, сайтнинг фаолияти нафақат Туркманистонда содир бўлган COVID-19 қурбонларининг кўлами тўғрисида маълумот бериш билан чекланиб қолмай, балки қурбонларнинг исмларини ошкор этиш, пандемия пайтида адолатсизликни аниқлаш ва давлатнинг фуқароларни касалликлардан ҳимоя қилишдан бош тортаётган ҳолатлари, сиёсий обрўйини зийнатлашга ҳаракат қилаётганини очиб беришга қаратилган.
Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, “Туркманистонда COVID-19 кўрсаткичлари” мустақил лойиҳа бўлиб, унинг таъсисчи гуруҳи фойдали маълумотларни алмашишни қўллаб-қувватлайди, шунингдек маълумотни мамлакат ичида ва чет элда тарқатишга ёрдам беради. Расмийларнинг таъкидлашича, мамлакатда битта ҳам COVID касаллиги қайд этилмаган.