Нафақат қишлоқ, туман, балки вилоятда ҳам ҳурмат қозонган ҳофизлару мақом ижрочилари бор бу ерда. Шаҳарга узоқ бўлишига қарамай, қишлоқнинг кўплаб ёшлари мусиқа ва санъат мактабларига қатнайди. Олий маълумотли бўлиш истагидаги йигит-қизлар кўп.

Ўқишга кира олмаганлари ҳам нима қиларини билмай юрадиганлардан эмас. Айниқса, Президентимиз қарори билан ёшларга ер берилаётгани улар учун айни муддао бўлди. Қишлоқдаги 2 та фермер хўжалигидан 10 сотихдан ер олган 64 нафар ёш аллақачон турли экинлар экиб, ҳосил чўғини ошириш билан банд.

— Уйингиздаги 3-4 сотих ерга меҳр берсангиз, қанча ҳосил оласиз, ундан 2-3 баробар кўпроқ ердан эса яхшигина даромад қилишингиз аниқ, — деди биз билан суҳбатда “Камолиддин сулоласи” фермер хўжалигидан ер олган ёшлардан бири Мансурбек Ҳурбоев. — Ажратилган 10 сотихнинг барига оилам билан биргаликда картошка экдик. Бизнинг қишлоқда мендан ташқари 30 ёшгача бўлган яна 63 киши ернинг ҳақиқий эгасига айланди. Энди бекор ўтирганлар ҳам ишли бўлди. Ахир 10 сотих жой ҳазилакам ер эмас.

Мансурбекнинг гапида жон бор. Бир парча томорқасида қанча пайт банд бўлади одам. Ҳавасга экилган помидор, бодринг, қалампиру ошкўкларни қўл билан узиб ейишга нима етсин! Инсоннинг “мен”и бор экан, ўзиники бўлган ҳар бир нарсага нисбатан эгалик, муҳаббат ҳисси ортаверади. Шу маънода, 64 нафар ёшнинг ҳар бири ер билан тиллашиб, қишлоқ хўжалиги бўйича катта-катта тадбиркорларга айланиб кетишса ажаб эмас.

Дарвоқе, гап келганда қишлоқда эгзу ниятлар билан тадбиркорликка бел боғлаётганлар ҳам пайдо бўла бошлаганини айтмай бўлмайди. Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижоновнинг иш бошлаганига 2 ой бўлди. Бугун ҳокимнинг ўзи аҳолига хайрихоҳ бўлиб, “буёғига нима бўлар экан”, дея иккиланиб турганларни ҳам руҳлантириб юбораётганидан одамлар миннатдор.

— Бизнес режамни тайёрлаб, имтиёзли кредитга ариза ёзган кунимнинг ўзида ҳоким уйимизга кириб келса бўладими, — дейди уйида кичик цех очган Дилнавоз Йўлбарсова. — Тиккан либосларимни кўрди, режаларим билан танишди. Агар имконият қилиб берсанглар, 50 нафардан зиёд аёлни иш билан таъминлай оламан, дедим. Ҳоким дарров мактабимиз ёнидаги бўш турган бинодан менга жой ажраттириб берди. Ҳужжат ишларига ҳам аралашмадим. Ҳаммасини тайёрлаб, қўлимга тутқазишди. 30 миллион кредит эвазига 8 та замонавий тикув машинаси бир кунда етказиб берилди. “Темир дафтар”га киритилган 15 аёл билан иш бошладик. Иш ҳажмига қараб даромад олишяпти. Бир нечта турдаги кийимлар тикиб, ўзимизнинг Андижон, ҳаттоки Тошкентга ҳам етказиб беряпмиз. Энг қувонарлиси, вилоятимизда, республикада ҳам ўз бренди ва катта обрўга эга бўлган “Само” тўқимачилик корхонаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ишларимиз уларга маъқул бўлаётганидан хурсандмиз.

Маҳалла раиси Ғайрат Абдуллаевнинг айтишича, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 43 аёлнинг 24 нафари “Ҳунарманд” маркази томонидан касб-ҳунарга ўқитилди, сертификатларга эга бўлишди. Ҳар бирига Халқ банки томонидан 5 миллион сўмдан кредит берилган. Мана, энди уйда пишириқ пишириб, кўрпа-тўшак қавиб, пул топишяпти.

Уч ишчи билан касаначилик асосида кўрпа қавишни бошлаган Тўйдихон Аҳмадалиеванинг кунлик фойдаси билан қизиқдик.

— Астойдил бўлсам, бир ўзим ҳам бир кунда 2-3 та кўрпа, 10 тагача кўрпача қавийман, — дейди опа. — Ўртача 50 мингдан фойда қолганида ҳам ойига 1,5-2 миллион топсам бўлади. Ишчиларим ҳам шундай. Бекор ўтиргандан кўра, ҳам бировларнинг яхши кунларига хизмат қиламиз, ҳам тирикчилик. Давлатимизга раҳмат. Кимлар учундир 5 миллион пул арзимасдек туюлар. Биз ўша маблағ билан ўзимизга етарлича материаллар харид қилиб, ҳаётимизни яхши томонга ўзгартира олдик. Бу ёғига муаммо йўқ. Ўзбекчилик, тўйларга ҳаммамиз кўрпа-тўшак қиламиз. Буюртмаларимиз кўп.

Ҳа, уйим-жойим дейдиган аёллар рўзғорнинг бир четини кўтарай, деб тиним билмайди. 15 кишини иш билан таъминлаган Дилнавоз ҳам, Наманган бозорларигача кириб борган Дилафрўз Исмоилова ҳам тадбиркорликни бошлагунича пойтахтдаги бозорларида ҳали милиция, ҳали солиқ ходимларидан хавотирда савдо-сотиқ қилиб юрганларини яширишмади. Бугун эса Дилафрўз бошчилигида кичкина корхонада тикилаётган рўмолларни нафақат андижонликлар, қўшни наманганликлар ҳам суйиб ўраяпти.

— Бу ёғи улуғ айём - Ҳайит яқин, — дейди тадбиркор. — Ўғил-қизлар оналарига, опа-сингилларига энг яхши совға, деб рўмол ҳадя қилишади. Насиб қилса, бозоримиз янада юришиб кетади. Ҳозир ҳам ёмон эмас. Материални арзонроқ деб Тошкент бозорларидан олиб келяпмиз. Йўл ҳақидан ташқари ҳам қоладиган фойда дурустгина. Банкдан 30 миллион кредит 6 ой имтиёзли давр билан берилгани фаолиятимизни яхшилаб олгунимизча анча қўл келади. Лекин ортга қайтиш йўқ. Бу гапни ўзимга шиор қилиб олганман. Менимча, ёшларга бундай эътибор қаратилаётган пайтда ортга қайтадиган вазият ҳам бўлмайди, насиб қилса.

 Юртимизнинг олис ҳудудидаги замондошларимизнинг ислоҳотлардан мамнун, манфаатдор ҳолда яшаётгани ўзимизни-да манфаатдор этгандай қувонамиз. Тўғриси ҳам шу аслида. Қовун қовундан ранг олади, деган гап бор. Олдинга интилаётган ёшлар шижоати, албатта, қолганларни ҳам руҳлантиришда муҳим омил бўлади.

Муножат МЎМИНОВА,

"Янги Ўзбекистон" мухбири