Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари қадимдан мустаҳкам ҳамкорлик ришталарини билан боғланган. Бу кўҳна ўлкада бобурийлар салтанатига асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур туркий халқлар ва ҳинд эли ўртасидаги дўстлик, меҳр-оқибатга тамал тоши қўйган.

Бугун мамлакатларимиз халқаро алоқаларни ривожлантириб, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаган ҳолда ҳамкорликнинг янги поғоналари сари қадам ташламоқда.

Келгусида Ҳиндистоннинг нуфузли университетлари ва Фарғона давлат университети ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши ва олий таълим соҳасида тизимли алоқалар йўлга қўйилиши, албатта, ҳар икки томон ёшлари учун манфаатлидир. Самимий ва очиқ мулоқот руҳида олиб борилган мулоқотда айнан шундай режалар хусусида сўз борди.

Делегация аъзолари Фарғона давлат университети фаолияти билан яқиндан танишди. Олийгоҳ тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари” музейида бўлдилар. Меҳмонлар бу ерда нафақат университет тарихи, балки Фарғона вилоятининг кечаги куни, ўзбек халқининг ижтимоий, маданий ҳаёти, адабий муҳити хусусида кўплаб маълумотларга эга бўлди.

Учрашувнинг энг асосий воқеаси — университетда Ҳиндистон ўқув хонасининг очилиш маросими байрамона тус олди. Энди мазкур хона икки давлат ёшларининг ўзбек ва ҳинд тилларини ўрганишида, маданий билимларини бойитишида ўзига хос акселератор бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида ҳамкорлар янги режалар борасида фикр алмашдилар. Жумладан, олий таълим тизимида икки мамлакат ўртасида академик алмашинувлар жорий этиш, Ҳиндистон таълими, маданияти ва санъати ҳафталикларини ўтказиб бориш, Ҳиндистон ўқув хонаси фаолиятини янада ривожлантириш каби масалаларда таклифлар кенгашилди.

Очилиш маросими сўнгида тарафлар ўзаро ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида бир-бирларига эсдалик совғалар ҳадя этди. Айниқса, ўқув хонаси учун ҳамкорларимиз томонидан тақдим этилган замонавий ўқув-электрон воситалар, зарур адабиётлар ва дарсликлар талабалар учун муносиб туҳфа бўлди.