Дунё шиддат билан ўзгараётган бугунги даврда ҳар бир давлатнинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги мавқеи аҳоли фаровонлигига қаратилаётган эътибор билан белгиланади. Шу маънода, юртимизда кейинги ўн йилдаги кенг қамровли ислоҳотлар иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ва инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди.
Президентимизнинг ҳар бир ҳудуд ва соҳани тараққий эттириш йўлидаги азму шижоати бугун натижасини кўрсатмоқда. Неча йиллардан бери ишсиз ва даромадсиз юрган фуқаролар катта тадбиркорга, яқин 50 йилда на тоза ичимлик сув, на электр энергияси ва на асфальт йўли бўлмаган аҳоли пунктлари обод гўшаларга айланди.
Янгиланишларнинг адоғи йўқ. Бу ўзгаришларни тизимга солиб, ёрқинроқ кўрсатиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи ва у ерда берилган топшириқлар ижроси қандай таъминлангани, яқин ўн йилда ушбу ҳудудлардаги ислоҳотлар динамикаси босқичма-босқич қандай кўриниш олганини йиллар кетма-кетлигида таққослаймиз.
Дастлабки ҳудуд — Фарғона вилояти. Президентимиз ушбу вилоятга неча маротаба ташриф буюргани ва унда берилган топшириқлар ижроси қандай таъминланганини таҳлилий таққослар орқали очиб берамиз.
2016 йил:
ўзгаришлар пойдевори қўйилган палла
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди.
Шавкат Мирзиёев учрашувда нутқ сўзлади ва сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлар ҳақида батафсил тўхталди. Сайловчиларнинг ёрқин келажак, турмуш даражаси яхшиланиши борасидаги умидлари уйғона бошлади.
2017 йил:
одамлар манфаати йўлида
Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017 йил 22 июнь куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Мамлакатимиз етакчиси дастлаб Фарғона асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув марказида бўлди. Марказда бир йилда 600 мутахассис ўқитилади. Замонавий ўқув режа асосида олимлар томонидан амалиёт дарслари ўтилади. Эътиборли жиҳати, 2016 йилда вилоятларга 20 минг, чет давлатларга 30 минг дона сифатли асалари пакети етказиб берилган бўлса, 2023 йилга келиб, вилоятда йилига 2 минг тоннадан ортиқ асал маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, хорижга асалари оиласи экспорти эса йилига 70 минг донани ташкил этди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи давомида Қўштепа туманида чорвачилик комплекси, ипакчилик ва пиллачиликни ривожлантириш стратегияси билан ҳам танишди. Эркин Воҳидов номидаги Марғилон шаҳри маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш, Марғилон ҳунармандлар марказини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Фарғона туманидаги “Миндонобод агросаноат” агрофирмасига ташриф буюриб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларини кўздан кечирди.
2017 йил 22 июндан Марғилондан Қўқонга илк бор электропоезд қатнай бошлади. Давлатимиз раҳбари Қўқонга ушбу поездда келди. Қўқон шаҳридаги “Шаффоф метан саноат” масъулияти чекланган жамиятида иқтисодий лойиҳалар билан танишди.
Президентимиз Қўқон шаҳри театрини бориб кўрди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Фарғона филиали тажриба хўжалигида ҳам бўлиб, ғалла ўрими ва ғўза парваришини кўздан кечирди.
Фарғона механика заводига ташрифи чоғида Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электр поезди қатнай бошлашини маълум қилди.
— Илгари Фарғона водийсида электропоезд қатнайди, деса биров ишонмасди. Энди Қўқондан Андижонга бир соатда етиб бориш мумкин. Бу ҳам халқимизнинг узоғини яқин қилиш борасидаги, одамлар манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларимиз самарасидир, — деди Шавкат Мирзиёев.
2018 йил:
улкан марралар сари катта қадамлар билан
Президентимиз 2018 йил 12 июнь куни Фарғона вилоятига ташриф буюриб, дастлаб Қува туманидаги “Фарғона анорчилик” агрофирмаси фаолияти билан танишди.
Шу ерда анорчилик бўйича илмий марказ, Фарғона давлат университетида кафедра ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Вилоятда қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди.
Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятида эса тикувчи аёллар билан мулоқотда бўлди.
Мамлакатимиз етакчиси 2017 йили вилоятга ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Мавжуд истироҳат боғи ҳудуди кенгайтирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, гулзор ва майсазорлар ташкил этилди. Боғ марказида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди.
Президентимиз мазкур боғни бориб кўрди. Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гул қўйди.
Шунингдек, Олтиариқ туманидаги “Исмоил Нозим обод” фермер хўжалиги даласида бўлди. Қапчиғой маҳалласидаги “Smart kids” мактабгача таълим ташкилотини бориб кўрди.
Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмга келди. Ҳаво десантчилари тайёргарлигини ошириб бориш учун аэродинамик тренажёрлар ўрнатиш, “Ватанпарвар” ташкилотлари ҳузурида парашютчилар тўгараклари очиш бўйича топшириқлар берди.
Шундан сўнг Фарғона шаҳридаги Мустақиллик мавзесида барпо этилган кўп қаватли уй-жойларни кўздан кечирди.
2019 йил:
ҳар бир соҳа бўйича изланишда, тинимсиз ҳаракатда
Президентимиз 2019 йил 6 май куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида бўлди. Мазкур корхона ўз вақтида водийдаги нефть конларини ўзлаштириш ва минтақа давлатларига нефть маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида бунёд этилган. Давлатимиз раҳбари завод ишчилари ва инвесторлар билан суҳбатлашди.
— Бу ишлардан асосий мақсад — корхонани тўлиқ қувват билан ишлатиш, одамларни иш билан таъминлаш. Бу Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг янги даври бўлади, — деди давлатимиз раҳбари.
— Ҳамма иқтисодий соҳаларда асосий мезон — даромад, — деди Шавкат Мирзиёев Фарғона туманидаги “Комилжон ота Мамажонов” фермер хўжалиги даласида вилоят деҳқонлари билан суҳбатда.
Фарғона шаҳрида вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар иштирокида ўтган йиғилишда Президентимиз йиғилганларни, бутун халқимизни Рамазон ойи ҳамда яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади.
Давлатимиз раҳбари Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 14 сентябрь куни яна Фарғона вилоятига борди.
Шу куни “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, “Шаффоф омадли саноат” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди, уй-жойлар қурилишига оид лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантириш бўйича беш йиллик режа қилиш зарурлигини таъкидлади.
Қўқон шаҳридаги Буюк алломалар музейида вилоят фаоллари, нуронийлар, зиёлилар билан мулоқот қилди.
— Вақт шиддат билан ўтяпти. Ҳар бир соҳа бўйича изланишда, тинимсиз ҳаракатдамиз. Ўзгаришлар бор, лекин ҳали бизни қаноатлантирмайди, — деди Президентимиз.
Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиш маросимида барчани чин юракдан қутлаб, юртимизга, ушбу анжуманга бўлган катта ҳурмат ва эътибори учун хорижий меҳмонларга ташаккур изҳор этди.
Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган юксак унвон берилди.
2020 йил:
мақтовларга
чек қўйилган йил
Ўзбекистон Президенти 2020 йил 5 июнь куни Фарғона вилоятига амалий ташриф билан келди.
Мамлакатимиз етакчиси Қўштепа туманидаги “Турсунов Юсуфжон ери” фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғалла ривожини кўздан кечирди. Дарахт қаторлари орасига саримсоқпиёз ва дуккакли экинлар экиш, бундай боғларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тошлоқ туманидаги “Ўз-Сеганг” қўшма корхонасида иш жараёни билан ҳам танишди. Бу ерга Италия, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойдан илғор технологиялар келтириб ўрнатилган.
Фарғона туманида ишга туширилган “Экокерама” МЧЖда бўлган Президентимиз юртимиз фойдали қазилмаларга бойлиги, лекин улар асосида тайёрланадиган материаллар катта миқдорда четдан келтирилаётганига эътибор қаратди.
— Шунча имконият бўла туриб, биз кимни боқяпмиз? Халқимизни боқсак бўлмайдими? — дея ҳақли савол қўйди Президентимиз. — Мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир бойлиги аҳоли жон бошига даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши керак.
Шу ерда вилоятда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Давлатимиз раҳбари Марғилондаги Ҳунармандлар марказини ҳам бориб кўрди.
Ташрифнинг иккинчи куни Фарғона шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари халқ билан очиқча гаплашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида келганини таъкидлади.
— Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди, — деди Президентимиз.
Йиғилишда сўхлик ёшлар учун водий вилоятларидаги олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилида давлат гранти асосида мақсадли равишда қўшимча 500 та ўрин ажратилиши маълум қилинди.
2021 йил:
лойиҳалар амалда бўй кўрсата бошлади
Ўзбекистон Президенти 2021 йил 4 февраль куни Фарғона вилоятига келди. Ташриф дастури жуда тиғиз ва мазмунан бой бўлди. Олтиариқ туманидаги “Файзли боғлар сари” узумчилик кооперациясидаги мулоқотда ер ажратиб бериш орқали Фарғона вилоятида 200 минг ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари Риштон туманида қурилган Халқаро кулоллик марказини бориб кўрди. Таниқли кулоллар Музаффар Саидов ва Шарофиддин Юсупов хонадонига ҳам кириб, улар билан самимий суҳбатлашди.
Шунингдек, Фарғона туманидаги “Vodiy Shoes” корхонаси иш жараёнини кўздан кечирди. Биринчи босқичда 1 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилмоқда, 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.
Президентимиз 2019 йил 6 майда Фарғона вилоятида бўлганида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимот қилинган эди. Икки йил ўтиб, ушбу лойиҳа Фарғона шаҳрида “Fergana stone paper” корхонаси бўлиб амалга ошди. Ташриф арафасида ушбу корхона синов режимида ишга туширилди.
Шу куни Фарғона шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.
Халқ депутатлари сессиясидан сўнг Президентимиз кутилмаганда Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига борди. Маҳалла оралаб юриб, аҳоли билан учрашди. Шунингдек, Фарғона шаҳри Тарона кўчасида қурилган 16 қаватли янги уй-жойларни ҳам бориб кўрди.
Фарғона мамлакатимизнинг аҳоли энг зич жойлашган шаҳарларидан. Шу боис, бу каби замонавий кўп қаватли уйлар аҳолининг ўсиб бораётган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Мамлакатимиз етакчиси 2021 йил 28 сентябрь куни Фарғона вилоятининг Бағдод туманига келди. Туманда ўша вақтлар 218 мингдан зиёд аҳоли яшар, узоқ вақт қурилишга эътибор бўлмагани туфайли одамларнинг уй-жойга эҳтиёжи юқори эди. Давлатимиз раҳбари маҳалладаги янги уйлардан бирига кўчиб келган Абдуқаҳҳор ота ва Ойзода ая хонадонида бўлди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни вилоят сайловчилари билан учрашув ўтказди. Учрашувдан сўнг Бағдод тумани Гулистон маҳалласида бунёд этилган Маданият марказида санъат намояндалари билан суҳбатлашди.
Шундан сўнг Президентимиз Қўштепа туманига бориб, ғўзани томчилатиб суғориш технологиясини кўздан кечирди. Тумандаги Намуна маҳалласида аҳоли ҳаёти билан танишди. Жумабой Исмоилов хонадонида меҳмон бўлди.
2022 йил:
катта сакраш йили
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 12 май куни Олтиариқ туманига ташриф буюрди. Олтиариқнинг устуворлиги деҳқончиликда, одамларининг омилкорлигида. Айниқса, Олтиариқ узуми чет элларда ҳам таниқли брендга айланган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонаси, Бувайда туманида қурилган мебелсозлик мажмуасини бориб кўрди. Учкўприк туманидаги Енгил саноат ва логистика марказига борди.
Бу мажмуа ҳам Президентимиз ташаббуси натижаси. Давлатимиз раҳбари тўқимачиликда қайта ишлаш даражасини ва маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
— Бугун бозор бешафқат. Бу рақобатга муносиб бўлиш учун тадбиркорнинг камида беш йиллик мўлжали, сифат кафолати, таннархда ўзининг резерви бўлиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Марғилон шаҳридаги Наврўз маҳалласи ҳудуди илгари тошлоқ, фойдаланилмайдиган ер эди. Лекин коммуникация ва логистика жиҳатидан жуда қулай. Президентимиз ташаббуси билан у ерда Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ушбу ҳудуд ҳамда Тошлоқ туманидаги “Agro impex valley” МЧЖ фаолияти билан танишди. Тошлоқ туманида ишлаб чиқарилаётган саноат ва ҳунармандлик маҳсулотларини кўздан кечирди.
Шу куни Президентимиз иштирокида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
— Биз Фарғонадан катта натижалар кутамиз. Бу эл тарихдан илм, тартиб, маданият, ҳунармандлик бўйича намуна бўлган, — деди Президентимиз.
Фарғона шаҳрида очилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишгандан сўнг “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиш майдонида бўлди. Массив ўртасидаги 70 гектар майдонда Янги Ўзбекистон боғи ва сунъий кўл ташкил этилиши кўзда тутилган. Бугун ушбу ишлар тўлиқ натижаси билан аҳолини хурсанд қилмоқда.
2023 йил:
қатъий назорат ва барқарорлик йили
Давлатимиз раҳбари 2022 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида “Global textile infinity” кластерининг ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Ўшандаги кўрсатмалар асосида лойиҳа жадаллаштирилиб, декабрда ишга туширилди.
Президентимизнинг 2023 йил 2 февраль кунги Фарғона вилоятига ташрифи Қўштепа туманидаги мазкур тўқимачилик корхонасини кўздан кечиришдан бошланди.
Ташриф давомида Қувасой шаҳридаги “Art soft ceramics” корхонаси, Фарғона шаҳридаги “Meridian” тиббиёт маркази, Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик марказини ҳам бориб кўрди.
Мамлакатимиз етакчиси аҳоли ҳаёти, ҳудудлар иқтисодиёти билан танишиш мақсадида 2023 йил 27 июль куни яна Фарғона вилоятига келди.
2020 йилда “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги томонидан 75 гектарда узумчилик плантацияси ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу токзорни кўргани келди. Олдинлари бу майдонда пахта экилиб, ўртача 25 центнердан ҳосил олинган. Энди узумнинг нархи билан солиштирганда, бир гектардан даромад қарийб 10 баробар ошган.
Давлатимиз раҳбари Бағдод туманидаги Хитой маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди. Шу ерлик Абдуғаффор Ҳалилов хонадонида маҳалла вакиллари билан суҳбатлашди.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида “BNBM Building Materials Central Asia” корхонаси очилди. Президентимиз ушбу корхонани кўздан кечирди.
Ташрифнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда йўлдаги дислокация тушунчасидан воз кечилиб, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилгани маълум қилинди.
Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши яна бир бор кўздан кечирилди.
2024 йил:
ўсиш, ривожланиш ва инвесторлар оқими
2024 йил март ойида Қўқон аэропорти янгидан очилган эди. Ўзбекистон Президентининг самолёти 11 июль куни илк бор бу ерга қўнди.
Собиқ Қўқон суперфосфат заводи молиявий соғломлаштириш ва диверсификация қилиш мақсадида 2019 йилда Сингапурнинг “Indorama Holdings BV” компаниясига инвестиция мажбуриятлари билан сотилган эди. Унинг негизида “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонаси ташкил этилди. Мамлакатимиз етакчиси мазкур корхона фаолияти билан танишди.
Шу куни вилоятда режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди.
Шароит ва талабчанлик туфайли бугун барча ҳудудларда иш суръати юқори. Бир корхона ишга тушиб, бошқалари қуриляпти. Айниқса, саноат тармоқларида лойиҳалар шунчалик кўпки, ҳаммасига улгуриш қийин. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи чоғида энг муҳим лойиҳаларга тўхталиш анъанага айланган. Фарғона вилоятида ҳам янги корхоналарни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлди.
— Илгари вилоятда 6 та лойиҳа қилиш амри маҳол эди. Бугун 6 миллиард долларлик лойиҳалар ҳақида гапиряпмиз. Нима учун? Ўсдик, ривожландик, инвесторларни ишонтирдик, шароит яратдик. Бундай ишларни яна давом эттирамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатимиз етакчиси Қўқон университетида яратилган шароитлар билан ҳам танишди, университет ёнидаги Тепақўрғон археология ёдгорлигини кўздан кечирди.
Шунингдек, Бағдод туманидаги Юксалиш маҳалласида бўлиб, “Гулнора Матқулобод бодомлари” корхонаси фаолияти билан танишди.
Марғилон шаҳрида аҳоли зич яшайди. Яқин келажакда бу нуфус ошиб боради. Ёш оилаларга ва келгуси авлодларга муносиб шароит яратиш мақсадида Президентимиз шаҳарда янги массив қуриш ғоясини илгари сурди. Ташриф чоғида бу борада марғилонлик нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашилди.
Ташриф чоғида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби очилди.
Шу куни Фарғона шаҳрида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди. Массивни экошаҳар дейиш мумкин. Сабаби 70 гектар майдонда Янги Ўзбекистон боғи, сўлим хиёбонлар, сунъий кўл, тўрт минг ўринли амфитеатр барпо қилинди. Боғ ҳудудига бута ва манзарали дарахтлар экилган. Турли аттракционлар ўрнатилган.
Қува туманида 12 июль куни вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Шундан сўнг Президентимиз “Ўз-Сеганг” қўшма корхонаси боғини кўздан кечирди. Тадбиркорнинг муаммо ва таклифларини сўради.
2024 йил 3 декабрь куни пойтахтимизда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
2026 йил:
натижалар мўл, кўлам тагдор, аҳоли эса рози
Президентимиз 2026 йил 4 февраль куни пойтахтимизда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда Сўх туманида Угам ва Мираки тажрибаси асосида туризм мажмуаларини ташкил этиш, Қўқон шаҳрида 17 та давлат идорасини “Янги Ўзбекистон” массивига кўчириш, вилоят иқтисодиётининг муҳим драйвери сифатида АT йўналишни жадал ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Президентимиз 2026 йил 9 апрель куни Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ҳам йиғилиш ўтказди.
2026 йил 27 апрель куни эса Фарғона вилоятига ташриф буюриб, Қўқон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Фарғона водийсида Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини боғловчи янги электропоездда Президентимиз жамоатчилик вакиллари билан бирга Қўқон шаҳридан Марғилон шаҳрига келди.
Қувасой шаҳридаги “Crown Ceramic” қўшма корхонасида керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни ҳамда “Қува агростар” корхонаси фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари “Қува агростар” эришган натижаларни юқори баҳолади, вилоятда 50 минг гектар ер майдонида тажриба тариқасида илғор агротехнологияларга асосланган қишлоқ хўжалиги тизими жорий этилиши белгиланди.
Шунингдек, Қува туманида агровольтаика технологияси жорий этилган қишлоқ хўжалиги мажмуаси ва “Каркидон” сув омбори ҳудудида барпо этилган янги туризм мажмуасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Бу маскан Фарғона водийсида ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқариш учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланиши кутилмоқда.
Тумандаги 1-техникумда ёшларни замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитиш ишлари билан танишди.
Президентимиз Фарғона вилоятининг гавҳари бўлган Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини бориб кўрди.
Мажмуада “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ҳам ташкил этилган. Унинг деворларида “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.
Шу куни илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президентимиз иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ташрифнинг иккинчи куни Фарғона шаҳридаги Инвесторларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Шунингдек, Фарғона шаҳридаги АT парк мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, “Нефтчи” болалар футбол академиясида бўлди.
Фарғона халқаро аэропортини ривожлантириш концепцияси тақдимоти ўтказилди.
Юқоридагилардан кўриб турганингиздек, давлатимиз раҳбарининг бир вилоятга ёки бир соҳага эътиборини битта мақолада қамраб олиш имконсиз. Лекин қисқа сатрларда бўлса ҳам ислоҳотлар динамикасини кўрсатишга уриниб кўрдик.
Ҳақиқий манзарани билмоқ истасангиз, Фарғонага боринг! Фарғоналиклар билан суҳбатлашинг, уларнинг юзидаги, кўзидаги, ҳаётидаги ўзгаришларни яққол кўрасиз.
Абу Бакир ЎРОЗОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири