Фарғона шаҳридаги 14 дан ортиқ маҳалла ҳудудларини, вилоятимиздаги йирик электр энергияси истеъмолчилари ҳисобланадиган “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “ФарғонаАзот” акциядорлик жамияти, “Фарғонадон” корхоналарини ва шу билан бир қаторда 300 дан ортиқ тадбиркорлик субьектларини электр энергияси билан таъминловчи 110/6 кВли 1966 йилда қурилган “Саккокий” подстанциясига янги 25000 кВА қувватдаги куч трансформатори олиб келинди, дея хабар беради “Фарғона ҲЭТК” матбуот хизмати.

Мазкур янги трансформатор подстанциядаги мавжуд 1975 йилда ўрнатилган 16000 кВА қувватдаги куч трансформатори ўрнига ўрнатилиши режалаштирилган.

46 йил ўтиб қуввати оширилаётган подстанция, эндиликда қўшимча 9000 кВА заҳира қувватга эга бўлмоқда.

Ушбу лойиҳа якуни билан нафақат истеъмолчилар электр энергиясидан узлуксиз фойдаланишига имкон яратилади, балки истиқболда янгидан ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти самарадорлигига эришишга, ишлаб чиқариш маҳсулотлари ортишига ҳамда Фарғона шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам замин яратилади.

Маълумот ўрнида, янги куч трансформатори жорий йилнинг 13 август куни ўрнатилиши режалаштирилган.