Дастлаб Свердловск вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари Алексей Шмыков билан тор доирада учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама текстиль, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг импорт, экспорт масалалари, таълим, соғлиқни сақлаш каби йўналишларда ҳамкорлик ва қўшма лойиҳалар борасида ишлаш, рус-ўзбек маданияти, тарихи, урф-одатларини ўзида акс эттирувчи форумларни ташкил қилиш борасида музокаралар олиб борилди.
Екатеринбург шаҳри маъмуриятида ташкил этилган B2B учрашувда эса фарғоналик тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қизиқиш билдираётган қатор маҳаллий савдо тармоқлари билан ўз маҳсулотларини етказиб бериш бўйича музокараларни олиб борди.
Екатеринбург шаҳридаги йиллик мато савдо ҳажми 2 миллион погонометрдан зиёд бўлган «Текстиль» савдо уйи раҳбарияти билан учрашувда Фарғона вилоятида фаолият олиб борувчи салоҳиятли текстиль, тўқимачилик йўналишидаги корхоналар ҳам онлайн тарзда қатнашишди.
Унда Россия томони талабига кўра, мато ва ип маҳсулотлари, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказишга келишиб олинди. Савдо уйи раҳбарияти декабрь ойи бошида Фарғонага амалга оширадиган ташрифи чоғида келишув ва шартномалар имзоланишига келишиб олинди.
Свердловск вилояти Агросаноат мажмуи ва истеъмол бозори вазирлиги вакиллари ҳамда ихтисослаштирилган корхоналар иштирокида ташкил этилган учрашувда мева маҳсулотларини тўғридан тўғри етказиб бериш логистикаси, сотиб олиш, сақлаш ва Россиянинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Мезбон томонидан ўрмон қурилиш маҳсулотларини юртимизга етказиб бериш таклифи билдирилди.
Фарғона вилоятида ахборотга ишлов бериш ва сақлаш тизимига асосланган «Минтақавий акушерлик мониторинги»ни жорий этиш имкониятлари бўйича учрашув ўтказилди.
Унда Свердловск вилояти соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, вилоят марказий шифохонаси бош врачи, бош акушер-гинекологи, шу тизимни жорий этган АКТ ташкилоти раҳбари қатнашди. Учрашувда ушбу тизимни Фарғонада ҳам жорий этишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, делегация аъзолари «4-сон мева-сабзавотчилик базаси», «Экомолл Гранат» маркази фаолияти, «Zamorozka.pro» қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритишга мўлжалланган корхонасидаги иш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.