Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Мухсинхўжа Абдураҳмонов билан Жанубий Корея минтақавий иссиқлик таъминоти корпорацияси директори собиқ ўринбосари, “Канаан” компанияси катта маслаҳатчиси Юн Вон Жунг ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ташкил қилинди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилояти Бешариқ тумани ҳокимлиги масъул ходимлари, шунингдек, Жанубий Кореянинг «GemVax & KAEL» ва «DAU Group» компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир давомида 7 июль куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан Юн Вон Жунг ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан кейин вилоят раҳбари уни Жанубий Кореянинг тўғридан-тўғри сармояларини жалб қилиш бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлашга таклиф қилишга қарор қилганини қайд этди. Фарғона вилоятининг саноат салоҳиятини инобатга олган ҳолда, Жанубий кореялик шериклар иштирокида муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имконияти таъкидланди. Фарғона вилояти ҳокимлиги раҳбарияти Юн Вон Жунг фаолиятида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирди.

Юн Вон Жунг ишонч учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдириб, Фарғона вилоятига Корея Республикасининг етакчи компаниялари инвестициялари ва замонавий технологияларини тўғридан-тўғри жалб қилиш бўйича фаол ишларни бошлашга тайёрлигини билдирди. У салоҳиятли шерикларга минтақа ва мавжуд имкониятлар, шу жумладан «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди тўғрисида маълумот етказишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш режалари билан ўртоқлашди.

Учрашув давомида Жанубий Кореянинг «GemVax & KAEL» ва «DAU Group» компаниялари фармацевтика соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифларни билдирди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, Жанубий Корея томонининг режалари ва қарашлари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Юн Вон Жунг «Канаан» компанияси томонидан Фарғона вилоятида тайёр кийим ва трикотаж буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция таклифларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир натижасида мунозараларни давом эттириш ва маълумот алмашиш, шунингдек, видеоконференцалоқа шаклида мунтазам музокаралар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.