Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда Фарғона вилоятида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Рақамларга эътибор қаратилса, 2018-2019 йилларда вилоятда 3780 та янги кичик бизнес субъектлари рўйхатга олинган бўлса, 2020 йилда пандемия шароитига қарамасдан 8 мингдан зиёд тадбиркорлар фаолият бошлаган. Яъни уларнинг сони 2,2 баробар ортган. Жорий йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектлари томонидан 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди, натижада маҳаллий бюджетга қўшимча 10,3 млрд. сўм маблағ келиб тушишига эришилди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар фаол қатнашаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг мунтазам ўтказиб келиниши ҳам кичик бизнес ва ишбилармонликни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда қўл келмоқда. “Ташаббус-2021”нинг бу йилги туман-шаҳар босқичларида 1678 нафар хўжалик субъектлари қатнашиб, ғолиб бўлган 100 нафарга яқин тадбиркор ва ҳунармандлар вилоят босқичида иштирок этишди.
Кўрик-танлвонинг республика босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган фарғоналик “ташаббусчилар” номини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Хусусан, “Сайқал” ишлаб чиқариш корхонаси, “Умид”, “Камрах” фермер хўжаликлари, Абдуғани Абдуллаев, Турғунбой Мирзааҳмедов каби уста-ҳунармандлар, Алишер Назиров, Мирзомасхар Акрамов сингари наққош ва кулоллар Президент совғаси сифатида енгил автомашина соҳибига айланишган эди.
Шундай қилиб, “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг Фарғона вилояти босқичи ғолиблари эълон қилинди:
“Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” – “Ҳамза экспо арт текстиль” ХК раҳбари Ғайрат Қосимов (Олтиариқ тумани);
“Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича йилнинг энг яхши тадбиркори” – “Фарғона тиббиёт файзи” ХК раҳбари Анвар Исломбеков (Фарғона шаҳри);
“Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” – “Меҳригиё” ХК раҳбари Хондамир Нуритдинов (Учкўприк тумани);
“Йилнинг энг яхши фермери” – “Ғоффоржон нурли келажак” ФХ раҳбари Орзухон Нурбоева (Олтиариқ тумани);
“Йилнинг энг яхши ҳунарманди” – “Исмоилжон гиламлари” хусусий корхонаси раҳбари Иброҳимжон Султонов (Қўштепа тумани).
Шунингдек, ҳакамлар томонидан кўрик-танлвонинг бошқа номинациялари ғолиб ва совриндорлари ҳам аниқланди.
Барча ғолиблар ва совриндорларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Таниқли санъаткорлар ва хушовоз хонандаларнинг дилтортар куй-қўшиқлари маросимга байрамона кайфият бағишлади.
Расулжон Камолов.