Хусусийлаштириш жараёнида юқори шаффофлик ва рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида мазкур жараёнга дастлабки саралаш босқичи киритилган.

Ушбу босқичда барча талабгорларнинг аризалари эълон қилинган малака мезонларига мувофиқлиги бўйича баҳоланади. Мазкур саралаш босқичини муваффақиятли якунлаган талабгорлар кейинги мажбурий таклифларни қабул қилиш босқичига ўтадилар. Ушбу босқич шартлари ва муддатлари бўйича ҳар бир талабгор тўғридан-тўғри электрон почта орқали алоҳида хабардор қилинади.

Ушбу битим бўйича Deloitte халқаро компанияси ҳамда Халқаро молия корпорацияси (IFC) жалб этилган.

Компания тўғрисида қисқача маълумот:

“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти 1962 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистонда минерал азотли ўғитлар, дефолиантлар ва целлюлоза ацетатлар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Корхона 3 та асосий комплексга бўлинган:

Минерал ўғитларни ишлаб чиқариш: АМ-76 кенг кўламли аммиак агрегати, концентрацияланмаган АК-72М азот кислота ва АS-72М аммиакли селитра ишлаб чиқариш, карбамид ишлаб чиқариш;

Натрий хлор ва магний хлорат дефолиантини ишлаб чиқариш;

Ацетат толаси ва целлюлозанинг мураккаб эфирларини ишлаб чиқариш.

Бундан ташқари, азот-фосфор ўғитлари AFO, КАS суюқ ўғити, суюлтирилган азот-калцийли ўғит, "Darmon" иссиқхона хўжаликлари учун ўғитлар, натрий нитрати, натрий бикарбонати, полиэтилен пакетлар, минерал ўғитларни контейнерлар билан таъминлаш учун полиэтилен қоплар ва бошқа цехлар мавжуд. Корхонанинг жами ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,8 миллион тонна ўғитни ташкил қилади.

Компания молиявий натижалари юқори ижобий динамикасини намойиш этмоқда. Компаниянинг соф фойдаси 2021 йил якунига кўра 19 фоизга ошди ва 348.8 млрд. сўмни ташкил этди.