Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берганлиги юзасидан тарқалган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз, дейилади ахборотда. 

Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 21.02.2026 йил соат 19:00 дан бошлаб Фарғона шаҳар ҳудудида жойлашган 2-сонли, 58-сонли ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари тана ҳароратини кўтарилиши, қоринда оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари билан мурожаат билан келишган.

Аниқланишича беморларда қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши, ҳароратни кўтарилиши, кўнгил айниши каби соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилган. Шифохонада даволовчи врачлар томонидан беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли” ташхиси билан диярея бўлимига ётқизилган.

Маълумотга кўра, ҳозирда бўлимда 62 нафар беморлар стационар даволанаётган бўлиб, ҳолати яхши. 

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари боғчаларнинг ошхоналарида ва овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказиб, болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория намуналари олиб текшираётгани маълум қилинган.